Парранда гўшти етиштиришда Самарқанд республикада етакчи

Шу йил сентябрь ойида Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда аҳолини парранда гўшти, тухум, балиқ, гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишда Самарқандда парранда гўшти тайёрлаш 22 минг тоннадан 100 минг тоннага етказилгани эътироф этилганди.

Савол туғилиши мумкин - соҳада самарадорлик шу йўсинда ушлаб туриладими, орқага кетиш кузатилмайдими?

- Кўрилаётган чора-тадбирлар ва олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бу кўрсаткични янада оширишга қаратилган, - дейди вилоят ҳудудий "Чорванасл" маркази директори ўринбосари Одилхон Бақоев. - Йил давомида 27 та лойиҳа асосида 1 миллион 786 минг бош парранда парваришлаш ва 504 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунгача 25 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 миллион 510 минг бош парранда парвариши учун 410 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Мисол учун, “Қўшработ Ломанн парранда” фермер хўжалигида қиймати 75,5 миллиард сўмлик 45 та инкубация цехида 800 минг бош тухум йўналишидаги товуқ ҳамда йиллик 12 миллион бош наслли жўжа етиштириш комплекси ташкил этилди.

Айни вақтда Самарқандда паррандачилик йўналишида 206 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларда мавжуд паррандалар 12 миллион 124 минг бошни ёки ўтган йилнинг учинчи чорак ҳолатига нисбатан 101,8 фоизни ташкил қилади. Муҳими, шу пайтгача 971 миллион 155 минг дона тухум ишлаб чиқарилган.