Партия ташаббуси билан “Самарқанд ёшлар форуми - 2021” ўтказилди

Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон Талабалар ассосацияси, Самарқанд ёш ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида навбатдаги форум ўтказилди.
Форум очилиш маросимида сўзга чиққан ХДП вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев бу каби республика ёшларини қамраб олган тадбирлар йигит-қизларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини янада кенгайтириш, баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлишларига, шунингдек, уларнинг жамият ижтимоий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
“Бир мақсадда бирлашайлик!” шиори остида ташкил этилган форумда “волонтёрлик”, “проект-менежмент” йўналишлари бўйича ёшлар ўртасида семинар-тренинглар ташкил қилинди.
Ёшларни инновацияга қизиқтириш, янги лойиҳалар яратиш, лойиҳа ва ғояларини нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган малакали спикерлар иштирокидаги семинар-тренинглар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Форум доирасида ёшлар ўз ижод намуналари билан “Уйғониш” лойиҳасида беллашиш имкониятига эга бўлди. Давра суҳбатида таниқли ижодкор Жумагул Сувонова маҳорат сирлари ҳақида суҳбатлашди.
“Самарқанд ёшлар форуми - 2021”нинг иккинчи кунида иштирокчилар тарихий қадамжолар ва музейларга саёҳат қилди.
Якунда ташаббускорлиги, инновацион ғоя ва таклифлари билан фаол иштирок этган ёшлар ХДП вилоят Кенгашининг эсдалик совғалар билан тақдирланди.
- Фаол ёшларни бирлаштириш, улар ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, янги дўстлар орттириш, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда фаоллигини ошириш, етук билимга эга, юксак марраларга эриша оладиган йигит-қизлар сафини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган форум бир умр эсда қоларли лаҳзаларни тақдим этди, - деди иштирокчилар. – Муҳими, тадбир лидер ёшларни кашф қилишда муҳим рол ўйнайди.
ЎзХДП вилоят кенгаши ахборот хизмати.