Партиялардан фаоллик талаб этилади
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, келгуси йилда олиб бориладиган ислоҳотлар кўлами янада кенгайиши, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳаётимизда, умуман, фаолиятимизнинг барча соҳаларида катта ўзгаришлар юз беришига амин бўлдим. Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган барча вазифа ва мақсадлар мамлакатимиз қудратининг юксалиши ва халқимиз фаровонлигининг янада оширилишига қаратилганлиги билан жуда муҳимдир.
2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши бизнинг партиямиз электорати учун жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Чунки ҳаммамиз яхши тушунамизки, тадбиркорликни ва ишбилармонликни ривожлантириш асосида инвестицион фаолият ётади.
Давлатимиз раҳбарининг фермерлик ҳаракатидаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича билдирган фикрлари бизнинг партиямиз учун ҳам жуда долзарб масала ҳисобланади. Ғалла ва мева-сабзавот кластерлари ривожлантирилиши ва бу мақсадда кредит бериш тизимининг соддалаштирилиши фермерларимиз учун катта имкониятдир. Айниқса, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда фермерларни ўқитиш дастурларининг ишлаб чиқилиши вазифаси жуда муҳимдир. Партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳам бу ишда иштирок этишлари керак.
Мурожаатномада Президентимиз мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга катта эътибор бердилар. Бу бизнинг электоратимиз ҳисобланадиган интеллектуал мулк эгалари учун катта эътибор дегани. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун бу қатламнинг ҳиссаси жуда катта бўлиши керак. Ривожланган давлатларда айнан шундай. Инвестицияларни нафақат иқтисодиёт тармоқларига, балки илмий ишланмалар ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш вазифаси жуда катта аҳамиятга эгадир.
Президентимизнинг Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига ҳар чоракда ҳисобот бериб боришини белгилаб бериши давлат вакиллик органи ваколатларини кенгайтириш билан бир вақтда ижро ҳокимияти масъулиятини ҳам оширади. Бу амалиётнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳам қўлланилиши жуда аҳамиятлидир.
Маҳаллий Кенгашлар раислари энди ҳокимлар эмас, бошқа фаол депутатлар орасидан танланиши сиёсий ҳаётимизда юз берадиган катта ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланиши керак. Бу сиёсий партиялар мавқеини ҳам оширади.
Умуман, Президентимиз Мурожаатномасида кўтарилган масалалар партиямиз ва партиямиздан сайланган депутатлар олдига қатор вазифаларни қўяди. Бу вазифаларнинг ижроси барчамиздан фаолликни, ўз ишига катта масъулият билан ёндашишни талаб қилади.
Бахтиёр ХЎЖАЁРОВ,
ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.