Паст Дарғомда каналдан 17 ёшли қизнинг топилганлиги ҳолати юзасидан баёнот

11 май куни Паст Дарғом тумани, Чандир маҳалласида яшовчи Р.Х. туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, вояга етмаган 2004 йилда туғилган С.Х. яшаш уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини билдириб, уни топишга амалий ёрдам сўраган.

Туман прокуратураси бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан зудлик билан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 12 май куни С.Х.нинг мурдаси туманнинг Дўстлик маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Эски Анҳор” каналидан топилган.

С.Х.нинг бедарак йўқолиб, ўлик ҳолатда топилганлиги юзасидан хизмат текширувлари ва судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланиб, воқеани бевосита гувоҳи ёки ундан хабардор бўлган шахслар доирасини аниқлаш ва улардан тушунтириш олиш ишлари олиб борилмоқда.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққанлиги, С.Х.га нисбатан жинсий тажовуз қилинмаганлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Паст Дарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.