Паст Дарғомда маҳалладошининг хонадонидан 12 миллион сўмлик уй-рўзғор буюмларини ўғирлаган шахс аниқланди
5 ноябрь куни Паст Дарғом тумани ИИБга туманнинг Жоул Қосим маҳалласида яшовчи А. ариза билан мурожаат қилган.
Унда 2020 йил 20 октябрь кунидан 01 ноябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, жами баҳоси 12.000.000 сўмлик уй-рўзғор буюмларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинганлигини, ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳудуд профилактика инспектори томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу ўғирлик жиноятини Паст Дарғом тумани Жоул Қосим маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган Ф. содир этганлиги аниқланиб, унинг яшаш хонадонидан далилий ашёлар холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.