Пастдарғомлик тиббиёт ходимларининг иш ҳақи тўлаб берилди

Жорий йилнинг 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Паст Дарғомдан жалб этилган тиббий ходимларга ҳалигача иш ҳақи тўланмади” сарлавҳаси остида хабар тарқалди.

Мазкур ҳолат молия органлари томонидан ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Даволаш ва тақсимлаш марказига жалб этилган Паст Дарғом тумани тиббиёт бирлашмасида ишловчи тиббиёт ходимларининг рўйхати вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан молия бош бошқармасига тақдим этилмаганлиги аниқланди.

Вилоят молия бош бошқармаси шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сонли йиғилиш баёнининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низомнинг 8-бандида назарда тутилган, рўйхатга кирган Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, агентлик ва ҳудудий СЭО марказлари, шунингдек, бўйсунувидаги ташкилотларнинг ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимларининг рўйхати (лавозими), фамилияси (исми ва шарифи) кесимида шакллантирилган табеллар (иш ҳақи бериш учун ведомостлар) уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган ҳолда тегишлилиги бўйича соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларига ҳар 5 кунда тақдим этиб борилиши белгиланган.

Cоғлиқни сақлаш бошқармаси агентлик ва ҳудудий СЭО марказлари томонидан тегишлилиги бўйича тақдим этилган ходимлар рўйхати асосида, талабномаларни жамлаган ҳолда лавозими, фамилияси (исми ва шарифи) кесимида шакллантирилган табеллар (иш ҳақи бериш учун ведомостлар) асосида буйруқ қабул қилинади ҳамда ушбу талаб этиладиган маблағлар молия органлари томонидан жалб қилинган ходимларнинг асосий иш жойи ҳисобланган муассаса (ташкилот)ларга ўтказиб берилади.

Паст Дарғом туманидан ишлаган ходимларнинг муаммоси бартараф этилиб, жорий йилнинг 30 октябрь куни туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ходимларнинг пластик карталарига пул маблағлари ўтказиб берилди.

Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси ахборот хизмати.