Патронаж ҳамшира уйингизга қачон келиши керак?

Янги туғилган чақалоқ патронажи бола умрининг биринчи ойида умумий амалиёт шифокори ҳамда ҳамшира томонидан олиб борилади. Шифокор она ва бола туғруқхонадан чиққандан кейин дастлабки 3 кун ичида, кейинчалик 21 ва 28-кунлари чақалоқни кўрикдан ўтказади. Патронаж ҳамшира чақалоқ ҳаётининг 30-кунигача ҳар ҳафта болани уйига бориб, текшириб туради. Чақалоқ бир ойлик бўлгач, она ва бола поликлиникага шифокор кўригига таклиф этилади. 

Ҳар бир умумий амалиёт шифокори ўз ҳудудида яшовчи аҳоли тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириб, "оила паспорти"га қайд этади. Тўпланган маълумотлар асосида шифокор ўзининг йиллик "Патронаж ва профилактик кўриклар режаси"ни тузади.

Бунда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз қария, ногирон шахслар, бир ёшгача болалар, ногирон болалар, ҳомиладор аёллар патронажи  – бир ойга бир марта, янги туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқлар патронажи – туғруқдан кейинги 452 кун давомида 36 марта, эмлашдан кейинги назорат – эмланган кундан сўнг уч кун давомида, хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш – йилига икки марта амалга оширилиши керак. 
Умуман, ҳар бир патронаж ҳамшира ўз ҳудудида кимлар яшаяпти, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳақида тўлиқ хабардор бўлиши керак.


Иноят АРҚАЕВ,
Қўшработ туманидаги
"Қовунчи" қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири,
Неъматилла ҚАРШИЕВ,
туман тез тиббий ёрдам бўлими шифокори.