Пахтачида ҳам ҳайдовчилардан “доля” талаб қилган зўравонлар қўлга олинди
Олинган тезкор маълумотга асосан, вилоят ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Пахтачи туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида, туманнинг Зиёвуддин шаҳарчасида жойлашган деҳқон бозори ёнида “Зиёвуддин – Навоий” йўналиши бўйлаб ноқонуний ташкил этилган автотураргоҳда киракашлик билан шуғулланувчи ҳайдовчилардан зўрлик ишлатиб, таъмагирлик йўли билан кунлик 30 минг сўмдан “улуш” олиб келаётган шахслар қўлга олинган.
Мазкур шахслар — туманнинг М.Улуғбек кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган Х.И. ҳамда “Боғонали” маҳалласида яшовчи 1977 йилда туғилган Р.Б.лар талаб қилинган пулларни бермаган ҳайдовчиларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид қилиш билан қўрқитиб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Булунғур тумани ҳамда Самарқанд шаҳрида ҳам бир гуруҳ зўравонлар, доимий равишда такси ҳайдовчиларидан “доля” талаб қилиб, спортчилар ёрдамида уларга таҳдид қилиб келгани фош этилган эди.