Пайариқ туман ҳокими Д.Мусинов: Аҳоли муаммоларига ечим топиш асосий вазифамиз

Вилоят телерадиокомпаниясида ўтказилган навбатдаги "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Пайариқ туман ҳокими Дилшод Мусинов, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари аҳолидан тушган 30 дан ортиқ мурожаатга жавоб берди.

Кўрсатувда даставвал, тўрт раҳбар ўз сектори доирасида  амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.  Шундан сўнг фуқаролардан келган саволларга жавоб қайтарди.

Аҳоли мурожаатлари асосан табиий газ, суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш, ичимлик суви, йўл, уй-жой, таълим тизими, давлат хизматлари ва тиббиёт соҳасига оид муаммолар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалалар билан боғлиқ бўлди. Мазкур муаммолар бўйича мурожаатларнинг айримларига кўрсатувнинг ўзида ечим топилди.

Масалан, туманнинг Эшимоқсоқ қишлоғида яшовчи Элибой Худойқуловнинг "2018 йил қишлоғимиз "Обод қишлоқ" дастурига тушган, бироқ тугалланмай қолган ишлар охирига етказилмаган. Улар таъмирланадими, йўқми?" деб йўллаган мурожаатига туман ҳокими Д.Мусинов шундай жавоб қайтарди:

- Мазкур муаммони жорий йилнинг иккинчи чорагидан кечиктирмасдан бартараф этамиз. Қолаверса, аҳолига қулайлик яратиш учун у ердаги бошқа камчиликларни ҳам назоратга олиб, ечимини топамиз.

Мустақиллик маҳалласида яшовчи Даврон Жумановнинг  "Челак  шаҳрида  спорт  майдони  қурилиши  режалаштирилган  эди, у қачон қурилади?" ҳамда  Бобур  маҳалласида истиқомат қилувчи Фурқат Норқулов "Онам   икки  йилдан  буён юролмайди, қаердан ногиронлар аравачасини олсам бўлади?", дея йўллаган мурожаатига ҳам кўрсатувнинг ўзида ижобий ечим топилди.

Шунингдек, Д.Мусинов аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг барчасига имкон қадар ечим топиш ва мазкур камчиликлар унинг олдида турган асосий вазифа эканига тўхталди. Туман раҳбари кўрсатувда ўқилмай қолган 40 дан ортиқ мурожаатлар билан тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари ёрдамида шуғулланишини айтиб ўтди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.