Пайариқ тумани ҳокимлиги нега суд қарорига эътиборсиз қараяпти?
Башарти шундай бўлмаганида судда ютиб чиққан йигитнинг тиллога тенг вақти бу қадар исроф бўлмасмиди?! Шундоғам орадан ўтаётган ҳар кун қонунан мулкдор, амалда эса идорама-идора югуришдан нарига ўтолмаётган Жўрабек Ваҳобовнинг зарарига ишлаётганини такрор-такрор англатади. Пайариқ тумани ҳокимлиги эса юзи шувут қилинган суд қарорини катта мамнуният билан қабул қилиб, ижроси учун шошмаётгани афсусланарли.
- Аслида муаммони жамоатчиликка ошкор қилиш ниятим йўқ, - дейди таҳририятга келган Ж.Ваҳобов. – Аммо сайтларингизда “Пайариқ тумани ҳокимлигидан “Райхона Шарқ” МЖЧ фойдасига қарийб 316 миллион сўм ундирилди” сарлавҳали мақолани ўқиб ҳайрон қолдим.
Мақолада эълон қилинган бошқа ҳолатлар тўғри. Лекин кўрсатилган суммани ҳали туман ҳокимлиги тўлаб бергани йўқ.
Ваҳоланки, менга тегишли завод 3 кун ичида бузиб ташланди. Аслида огоҳлантириб, 6 ой муддат бериши керак эди. Завод ўрнига намунали уй-жойлар қурилган. Қолган 1 гектар ер майдони туман ҳокимлиги томонидан аукцион орқали аҳолига сотиб юборилган.
Туман ҳокимлигига бир неча марта компенсация тўлашни сўраб мурожаат қилдим. Бироқ етказилган зарарни тўлаб беришмади. Камига ер ҳам ажратиб беришмаяпти.
2019 йилда вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаатимиздан кейин улар киритган тақдимнома асосида Пайариқ тумани ҳокимлиги кенгайтирилган йиғилиш ўтказган. Йиғилишда завод бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш ва товон тариқасида ер майдони ажратиш чораларини кўришга қарор қилинган.
2020 йил Пайариқ туманлараро иқтисодий суди қарорига асосан 315 миллион 520 минг сўм ундириш белгиланди. Бундан ташқари, туман ҳокимлигидан 6 миллион 310 минг 400 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.
Бунга ҳам мана 3 ойдан кўпроқ вақт бўляпти. Лекин ҳамон бир неча йил олдин етказилган зарарни ундиролмай сарсонман. Ҳали товон тариқасидаги ер ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Билишимча, туман ҳокимлиги ҳали-бери зарар учун суд белгилаган суммани тўлаб бермоқчи эмас.
Таҳририятдан: Мақоладан муддао масалани чигаллаштириш ёки бошқа эмас. Шунчаки, Пайариқ тумани ҳокимлигига асл муаммога реал нигоҳ ташлаб, фуқаронинг муаммосини ҳал қилишга кўмаклашинг, демоқчи эдик. Зеро, бундай ҳолатда иштиёқ ва қатъиятга путур етиб, фуқароларнинг наинки, маҳаллий раҳбарлар, ҳатто адолатга нисбатан ишончи қолмаслиги мумкин.