Пайариқ туманидан 1894 йилда Бельгияда ишлаб чиқарилган “Acier universel” маркали қурол топилган

Вилоят Қатағон қурбонлари хотираси музейида Чор Россиясига қарши миллий озодлик ҳаракати қатнашчилари фойдаланган, 1894 йилда Бельгияда ишлаб чиқарилган “Acier universel” маркали қурол сақланяпти.

Чор Россияси Пётр I замонидан бошлаб юртимизга кўз олайтира бошлаган. Йиллар мобайнида сайёҳлик ва археологик экспедициялар, савдо алоқалари баҳонасида жосуслик ҳаракати амалга оширилган. XIX аср ўрталарига келиб, бу империя Ўрта Осиё хонликларини босиб олишга жиддий киришди. Албатта, ҳеч бир халқ ўз юртини ёвга шунчаки қўш-қўллаб топшириб қўймайди. Ота-боболаримиз ўлкани ёв босқинидан асраб қолиш мақсадида қўлидан келганча ҳаракат қилишган. Халқ ичидан етакчилар чиқиб, қарши ҳаракатлар ташкил қилган. Хусусан, қўрбошилар озодлик ҳаракати иштирокчиларини душманга қарши қўлга қурол олиб жанг қилишга руҳлантирган. Аммо тизимли, қудратли ҳамда замонавий қуролланган армияга қарши оддий меҳнат қуроли билан жанг қилиш ўлимга тик бориш эди. Босқинчиларга қарши туриш мақсадида ўзбек қўрбошилари Ғарб давлатлари билан ҳарбий қурол-яроғлар олиш мақсадида алоқаларни йўлга қўйган. 

Бундан икки йилча аввал Жаҳонгир Ўроқбоев Пайариқ тумани "Катта Сайдов" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Соҳиб ота” қабристони атрофида мол боқиб юрган вақтида зах ариқ ичида ётган темир бўлагига кўзи тушиб қолади. Жаҳонгир тарих ва археология мутахассислигида таҳсил олаётганимни билгани боис, топилган ашёни менга олиб келиб кўрсатди. Икковимиз бамаслаҳат топилмани Самарқанд давлат университети тузилмасидаги  Қатағон қурбонлари хотираси музейига топширдик.

Аниқлик киритиш мақсадида у музей ходимлари томонидан рўйхатга олинди. Топилмани занг ва чиринди қопламасидан тозалаш учун мутахассисларга топширилди. Аниқланишича у 1894 йилда Бельгияда  ишлаб чиқарилган,  “Acier universel“ маркали қурол қолдиғи экан. Ўқотар қурол Бельгиянинг Серан шаҳридаги “Кокериля” заводида ишлаб чиқарилган. Маълумки, Франция  ва  Англия  давлатлари Афғонистон ҳудуди орқали ўзбек миллий озодлик ҳаракати қўрбошиларини замонавий милтиқлар билан таъминлаб турган. Яна бир томони ўша пайт Чор Россияси ҳам Белгиядан сотиб олган қуролларни 100 рублдан сотишни йўлга қўйган эди. Қарши ҳаракатлар натижасида ўқотар қуроллар қўлга киритилган бўлиши ҳам мумкин.

ХIХ асрнинг охирларида белгиядаги қурол-яроғ заводида ўн минг дона ов қуроли тайёрланган. 1900 йилда Парижда бўлиб ўтган бутун жаҳон кўргазмасида завод олтин медаль билан тақдирланган. Ов қуролининг қўндоқ қисми ёғоч материалидан ясалганлиги сабабли ер остида чириндига айланган. Унинг стволи юпқа металдан бўлганлиги туфайли бизгача етиб келмаган, фақатгина қалин пўлатдан ясалган механизм қисми сақланиб қолган. Қурол қайси йўл билан “Соҳиб ота” қабрстони ҳудудига келиб қолганлиги бизга номаълум. Аммо айрим илмий фаразларга кўра бу жой ўрнида аввал шаҳар бўлган. Бу ердан сопол буюмлар қолдиқлари, металдан ясалган сак қабилаларига тегишли ўқ-ёйнинг учи, ўрта асрларга оид лойдан тайёрлаб оловда пиширилган бўлаги топилган. Собиқ иттифоқ даврида бу ердан одамларни кўчириб, ўзига тўқ деҳқонлардан ерларини тортиб олиб, пахта майдонларига айлантиргани тарихдан маълум.

(Расмда қуролни бизгача етиб келган қисми ва интернетдан олинган ҳақиқий кўриниши).

Ҳамза ИШҚУВВАТОВ,

СамДУ тарих факультети магистранти.