Пайариқда болаларни қасддан ўлдирган аёл ушланди

14 март куни Пайариқ тумани Алишер Навоий номли маҳаллада яшовчи М.Т. ариза билан мурожаат қилиб, унда 13 март куни вояга етмаган 2007 йил ва 2013 йилда туғилган фарзандлари яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини ва уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мурожаат юзасидан туман прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига чиқиб, қидирув тадбирлари олиб борди. Натижада ушбу маҳалладаги ҳовлидан вояга етмаганларнинг мурдаси қасддан ўлдирилиб, кейин ёқиб юборилиб, кўмилган ҳолатда топилган.

Аниқланишича, 13 март куни О.Т. таниши М.Т.нинг яшаш уйига яширин равишда ўғирликка кириб, хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, пул ва қимматли буюмларни қидираётган вақтида М.Т.нинг фарзандлари мактабдан яшаш уйига келиб қолиб, унинг содир этаётган жиноятини гувоҳ бўлиб қолган. ОқибатдаО.Т. ўз жиноятини яшириш ва вояга етмаганларни қасддан ўлдириш мақсадида турли баҳоналар билан алдаб, ўзининг яшаш хонадонига олиб бориб, яшаш ҳовлиси ўртасида, ўша ерда турган ер ағдариш учун мўлжалланган белкурак (шиткавой лопатка) билан дастлаб вояга етмаган А.Т.нинг бош ва бўйин қисмига зарб билан уриб, тан жароҳати етказиб, А.Т.га ёрдам бериш учун етиб келган акаси С.Т.ни ҳам ушбу белкурак билан бош ва бўйин қисмига уриб, тан жароҳати етказиб уларни қасддан ўлдирган.

Шундан сўнг О.Т. ушбу қотиллик жиноятини яшириш мақсадида вояга етмаганларнинг мурдасини ҳовли ерида 50 сантиметр чуқур қазиб, ичига ташлаган ва таналарини ёқиб юбориб, мурда қолдиқларини кўмиб қўйган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳум вояга етмаган С.Т.нинг ўлими орқа мияни калла асоси ва биринчи бўйин умуртқаси оралиғидан узилиши, орқа миянинг лат ейиши, марҳум вояга етмаган А.Т.нинг ўлими эса калла асос ва гумбаз суякларининг синиши, бош мия пардалари остига ва тўқимасига қон қуйилиши, бош миянинг лат ейиши оқибатида келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 14 март куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а, в, ж, о" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Т. ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди ва бу ҳақда гумон қилинувчининг яқин қариндошига телефон орқали хабар қилинди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши тергови шахсан вилоят прокурори томонидан назоратга олинган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.