Пайариқда ёниб кетган автомашина юзасидан маълумот берилди

Бугун ижтимоий тармоқларда Пайариқ тумани Жувозхона МФЙ, Қизилқовос қишлоғида “Damas” русумли автомашинанинг ёниб кетганлиги тўғрисидаги маълумотлар тарқалди. Ушбу хабарда ёнғин 3 ноябрь куни соат 23:50 ларда содир бўлгани ҳамда ўт ўчирувчилар ёниб бўлган автомобилни ўчиришгани қайд этилган.

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат жорий йилнинг 4 ноябрь куни соат 00:12 да туман ИИБ навбатчиси томонидан Пайариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими 17-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмининг диспетчерлик хизматига мурожаат қилинган. Унга кўра, Жувозхона МФЙ ҳудудида “Damas” русумли автомашинада ёнғин содир бўлганлиги айтилган.

Ёнғин-қутқарув қисмининг жанговар экипажи соат 00:22 да воқеа жойига етиб борган. Соат 00:27 да ёнғин қуршаб олинган ва 00:35 да тўлиқ бартараф этилган.

Маълумот учун, 17-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмидан воқеа содир бўлган ҳудудгача оралиқ масофа 8 километрни ташкил этади.

Айни вақтда туман ИИБ тергов бўлими ходимлари томонидан содир бўлган ёнғин юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.