Педагоглар учун узлуксиз малака ошириш тизими йўлга қўйилди

Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида мактабгача ва мактаб талими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йилдан бошлаб 100 соатлик ўқув дастурлари асосида беш йилда камида бир марта ҳамда Касбий ривожланиш куни, Методик маҳорат куни тадбирлари асосида педагог ходимларнинг методик кунларида узлуксизликни таъминлашга қаратилган малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурлари замонавий таълим андозалари асосида Британия Кенгаши ҳамда Найл университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳамда дарс жараёнларига марказнинг илғор тажрибага эга профессор-ўқитувчилари жалб этилган, - деди вилоят педагогик маҳорат маркази директори в/б Сарвар Муродов. - Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва касбий маҳоратини ошириш учун бир қатор методик тадбирлар ўтказилмоқда. Касбий ривожланиш куни тадбирларини тизимли ташкил қилиш мақсадида ҳар бир йўналишда 45 тадан таянч мактаб ва 48 нафардан ментор ўқитувчилар белгиланган. Ментор ўқитувчиларни илмий-методик қўллаб-қувватлаш ҳамда жараёнга доир ўқув-методик материаллар билан таъминлаш Сингапурнинг “Маршалл Савендиш Эдусатион” халқаро ташкилоти таълим маслаҳатчилари, А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти, вилоят педагогик маҳорат маркази профессор-ўқитувчи, методистлари ҳамда ҳар бир фан йўналишидаги мастер-тренерлар билан амалга оширилмоқда.
Касбий ривожланиш соати тадбирларини ташкил этиш учун тегишли фан йўналишлари кесимида мактаблардаги тажрибали ўқитувчилардан 5020 нафари саралаб олган ва уларга етакчи ўқитувчи сифатида тизимли методик ёрдам кўрсатилмоқда. Тадбирлар давомида вилоят умумтаълим мактабларида математика, информатика, физика, биология, кимё, география, бошланғич таълим ва хорижий тил фанларидан дарс бераётган 26043 нафар ўқитувчига етакчи ўқитувчилар томонидан замонавий ўқитиш методикалари етказилган.
“Касбий ривожланиш куни” тадбирлари ойнинг биринчи ва учинчи ҳафтасида 3 соатдан 36 соат, “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари ойнинг иккинчи ва тўртинчи ҳафтасида 3 соатдан 36 соат, жами 72 соатлик ўқув дастурлари асосида ташкил этиляпти.
Мактабгача таълим ташкилотлари педагогларнинг касбий ривожланиши узлуксизлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш ва таълим-тарбия жараёнини яхшилаш мақсадида жорий йил февраль ойидан бошлаб “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати”ни ўтказиш йўлга қўйилган. Бунинг учун 34 та таянч мактабгача таълим муассасаси белгиланиб, 2 нафар мастер-тренер ва 34 нафар ментор-тренерлар тайёрланган. Улар орқали методик маҳорат тадбирларига 764 нафар етакчи-тарбиячилар ва 10838 нафар тарбиячилар қамраб олинган.