Пенсияда янгилик: Маҳкумларга ҳам пенсия тайинланиши ва тўланиши мумкин
Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга 53-1 (прим) моддаси қўшилиб, унда “озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия тўлаш” кўрсатиб ўтилган.
Эндиликда манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсиялар тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман(шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсиялар суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга оширилади, деб белгилаб қўйилди.
Мазкур қонуннинг 62-моддасида пенсионер озодликдан маҳрум қилинган даврда пенсияни тўлаш тўхтатиб қўйилиши кўрсатилган эди. Энди бу тартибга ҳам ўзгартириш киритилди, яъни “бунда манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар мустасно” деган сўзлар киритилди, яъни манзил-колонияларда бўлган мсаҳкум пенсия олиши мумкин бўлди.
Бундан ташқари, қонуннинг 43-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди, эндиликдан маҳкумлар ҳам пенсия тайинлашга мурожаат қилишлари мумкин бўлди. Бунда манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Мисол учун, 1958 йил (60 ёшда) туғилган фуқаро 10 йил озодликдан маҳрум этилган, 4 йилдан сўнг Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент манзил-колониясига ўтказилган. Фуқаро ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб Паст Дарғом туман Пенсия жамғармасига ариза билан мурожаат этиши мумкин ва унга пенсия тайинлаб берилади.
Яна бир мисол, пенсия олувчи фуқаро озодликдан маҳрум этилган ва у ҳозирги кунда манзил-колонияда жазони ўтамоқда. Унга пенсия тўлови тикланиб, маҳкумнинг шахсий ҳисобварақасига пенсия суммаларини ўтказиш орқали пенсия пули тўлаб берилади.
Абдурашид Раҳимов,
Молия вазирлиги ҳузуридаги
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.