Пленум қарори суд ишлари сифатини оширишга ёрдам беради
Самарқанд вилоят судида Олий суд пленуми қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича семинар ўтказилди.
Унда Олий суд судьялари А.Ўтаев ва М.Эшимбетов, Самарқанд вилоят судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туман, шаҳар ва туманлараро суди раислари ҳамда Самарқанд вилоят маъмурий суди судьялари иштирок этди.
Ҳар бир Пленум қарори суд амалиётидаги бир қанча масалаларга аниқлик киритиб, суд ишлари сифатини оширишга катта ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир Пленум қарорларини изчил ўрганиш, мазмун-моҳиятини тўла англаб етиш ўзининг ижобий самарасини беради.
Тадбирда асосий эътибор Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Реаблитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорларини амалиётда қўллаш масаласига қаратилди. Семинарда мазкур Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти, уларни амалда қўллаш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбирда барча судьялар амалиётда учраётган масалалар юзасидан саволлар, фикр-мулоҳазалар билан фаол иштирок этди. Ҳар бир савол, фикр-мулоҳазалар юзасидан Олий суд судьялари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.