Почта орқали пул юборилганда қандай камчиликлар аниқланмоқда?

«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Самарқанд филиали томонидан «Филиалларда пул маблағларининг камомади ва ўзлаштириш ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда 2017-2019 йилларда филиал кесимидаги почта алоқа боғламаларида аниқланган ўғирлик ва камомадлар, ушбу камомадларга йўл қўйган алоқа ходимларига нисбатан берилган интизомий чоралар ҳамда ҳозирги кунга қадар аниқланган камомадларнинг ундирилиши юзасидан маълумот берилди.

Жумладан, 2011-2019 йилда бўлим филиалларида 4 миллиард 360 миллион 756 минг сўм ўзлаштирилган. Шундан, 1 миллиард 85 миллион 298 минг сўм пул маблағлари ундирилди. Қолган пул маблағларини ундириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

- Почта алоқа объектларида пул ўтказмаларини қабул қилиш, тўлаш, ҳисоботини олиб бориш, журналга расмийлаштириш ва сақланиш ҳолатлари, ички назорат қоидалари талабларининг бажарилиши юзасидан ўтказилган ўрганишларда айрим камчиликлар аниқланди, - дейди «Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд филиали почта хавфсизлиги хизмати бўлими бошлиғи Зулфия Субҳонова. – 2196 нафар фуқаронинг пул ўтказмаларидаги ҳолатни назорат қилганимизда аксарият фуқаролар тўлиқ манзилни ёзмаслиги, паспорт маълумотларининг батафсил эмаслиги, фуқароларнинг ўзи келаётган пул ўтказмаларидан бехабарлиги маълум бўлди.

Шунингдек, семинарда коррупцияга қарши курашиш, Ислом динида омонатга хиёнат қилиш кескин қораланиши, корхона ва идора ходимлари томонидан камомад ва ўзлаштиришларга йўл қўйилиши натижасида келиб чиқадиган салбий оқибатлар ҳақида ҳам маърузалар тингланди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.