Вилоят почтасидан чиққан хат таҳририятга уч ойда етиб келди
Аввало хатнинг мазмуни тўғрисида. “Зарафшон” газетасининг 9 июлдаги 87-сонида “Тижоратга айланаётган маърифат” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Самарқанд филиали томонидан мақолада келтирилган фактлар жойига чиқиб ўрганилган.
Мақола чиққанига анча бўлгани сабабли хатни айнан келтириб ўтишни маъқул топмадик. Аммо унда келтирилган айрим ҳолатлар эътиборимизни тортди. Шу боис мазкур хат сабаб бугун оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган танқидларга муносабат билан боғлиқ айрим жиҳатларни айтиб ўтишни лозим топдик.
Аксарият ҳолларда раддияларда танқидий материаллардаги фактлар кескин рад қилинади. Жавобни “Бу бизнинг айбимиз эмас” қабилида ёзишга ҳаракат кузатилади.
Хусусан, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиалидан келган хатда ҳам Булунғур туман мактабгача таълим бўлими 11 турдаги газеталарга обуна қилинган бўлиб, тўловлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги сабабли газеталар тўлиқлигича етказилмаган, дейилган.
Аслида шу биргина жумла тизимда иш қандай ташкил қилинганлигини кўрсатмайдими? Табиий савол туғилади: пули тўланмаган обуна учун нега квитанция тўлдириб берилган?
Бу билан почта боғламаси кимни алдаяпти, обуначиними, таҳририятними ёки ўзиними?
Умуман, танқидга тоқат қилишни, тизимдаги камчиликни тан олишни қачон ўрганамиз?
Сўнгги савол: агар почта тизимида ишлар талаб даражасида ташкил этилганида Самарқанд шаҳрининг у четидан чиққан хат бу четига етиб келгунча уч ой вақт ўтмасди, назаримизда. Умуман, почта орқали хат-хабарларни жуда кечикиб келиши ҳақида олдин ҳам ёзганмиз.
Балки энди почта ходимлари тўғри хулоса чиқаришар. Бу мақолага берилажак жавоб тезроқ етиб келади, деган умиддамиз.