Самарқанд почта алоқа боғламасидаги ўзибўларчилик тадбиркорнинг оворагарчилиги ва ортиқча харажат қилишига сабаб бўлди
Мутасаддиларга чора кўрадиган мард топиладими?
“Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун почта хизматидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари билан бирга почта боғламалари ва ходимларининг бурчлари ҳам мустаҳкамланган. Лекин...
Республикамизда ўрнатилган почта алоқаси хизмати кўрсатиш тартиб-таомилларига жойларда қандай амал қилиняптими?
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Щёлково Агрохим – Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси 2021 йил 11 май куни (103-сонли чиқиш хати) Пайариқ туманлараро иқтисодий судига “Пайариқ кластер” масъулияти чекланган жамиятидан ўзаро тузилган олди-сотди шартномаси бўйича тўланмаган пул маблағини ундириб бериш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Суднинг 12 май куни қабул қилган ажримига кўра, қўшма корхонанинг даъво аризаси юзасидан қўзғатилган иқтисодий ишни кўриб чиқиш 2021 йил 24 май, соат 11.00 га белгиланган.
Аммо қўшма корхонага суднинг ушбу ажрими вақтида етказилмаган, яъни ажрим 2021 йил 24 май куни соат 14.15 да суд мажлиси ўтиб кетганидан сўнг етказилган.
Суд ўзининг 2021 йил 24 майдаги ажрими билан “Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш мақсадида даъвогарга суднинг 2021 йил 12 майдаги ажрими юборилган. Почта алоқаси томонидан суд ажрими даъвогарга етказилган. Лекин даъвогар суд мажлисида ўз вакили иштирокини таъминламади”, деган важ билан ишни кўрмасдан қолдириш ҳақидаги тўхтамга келган.
Суриштирувларимиз натижасида маълум бўлдики, Пайариқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 12 майдаги қўшма корхонанинг “Пайариқ кластер” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан тўланмаган пул маблағини ундириб бериш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни кўриб чиқишни 24 май куни соат 11.00 га белгилаш ҳақидаги ажрими суд томонидан хат билан почта алоқа тизими орқали даъвогар жойлашган Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси, 49-уй манзилига жўнатилган. Ушбу хат Самарқанд шаҳар почта боғламасига 18 май куни келиб тушган ва хат муқовасига почта боғланмасининг бу ҳақдаги муҳри урилган.
Аммо “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Самарқанд шаҳар почта боғламаси масъул ходими (курьер) Азиза Арипова томонидан ҳужжат адресат (олувчи бўлган “Щёлково Агрохим – Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси) га 2021 йил 17 май куни етказилди, деган маълумот судга тақдим этилган. Аслида суд мажлисининг вақти ва куни тўғрисидаги ажрим почта орқали даъвогарга 2021 йил 24 май куни соат 14.15 да етиб келган. Бу вақтда суд мажлиси (соат 11.00 га тайинланган) вақти аллақачон ўтиб кетган эди. Оқибатда суд даъвогарнинг вакили суд мажлисига қатнашмаганлиги сабабли даъвони кўрмасдан қолдирган.
“Щёлково Агрохим – Ўзбекистон” қўшма корхонаси мазкур даъво бўйича катта миқдордаги давлат божи ва почта харажатларини тўлаган эди. Почта ходимининг масъулиятсизлиги туфайли судга берилган ёлғон хабарга кўра даъво аризаси суд мажлисида кўриб чиқилмади. Қўшма корхона уч ойлик оворагарчиликлар билан ўзининг ҳақ эканлигини, почта боғламасининг судга берган маълумоти ёлғон эканлигини исботлаб берди. Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Пайариқ туманлараро иқтисодий суди (судья Б.Жўраев) адолатни тиклади ҳамда жавобгар - “Пайариқ кластер” масъулияти чекланган жамиятидан қўшма корхонага тўланмаган пул маблағларини ундириб бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Лекин бунгача қанчадан-қанча сарсончилик ва асабийлашишлар, моддий талафотлар бўлди.
Қўшма корхона масалага ойдинлик киритиш учун “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд почта алоқа боғламаси бошлиғига 2021 йил 19 июлдаги 169-сонли чиқиш хати билан мурожаат қилиб, Пайариқ туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йил 12 май кунидан 2021 йил 24 май кунигача бўлган даврда Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси 49-уйда жойлашган “Щёлково Агрохим – Ўзбекистон” қўшма корхонаси номига юборилган хатнинг Самарқанд почта алоқа бўлимига келиб тушганлиги ва қабул қилувчига етказилганлиги тўғрисида расмий маълумот беришини сўраган эди. Мурожаат хатини почта алоқа бўлимининг масъул ходими Х.Нуриллаев 2021 йил 19 июль кунининг ўзидаёқ қабул қилиб олган.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси биринчи қисми мазмунига кўра, ариза ташкилотга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ёки текшириш талаб этилганда эса бир ойгача муддатда кўриб чиқилади (қўшма корхона сўраган маълумотлар қўшимча текширишни талаб қилмас эди).
Минг афсуски, Самарқанд почта алоқа боғламаси раҳбариятига бир неча марта эслатганимизга қарамасдан қўшма корхона аризасига 42 кундан сўнг жавоб юборди. Устига-устак жавоб хатида қўшма корхона сўраган маълумотлар берилмасдан, мурожаат мазмунига ҳамда қонунга мутлақо зид бўлган ва хат жўнатувчига (аслида қўшма корхона хат олувчи!) тегишли бўлган почта хизмати кўрсатиш қоидаларини тушунтиришга ҳаракат қилинган.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига биноан мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик жавобгарликка сабаб бўлади. “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 43-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик маъмурий жавобгарликни юзага келтиради.
Шу боис қўшма корхона Самарқанд шаҳар прокурори номига мурожаатнома киритиб, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Самарқанд почта алоқа боғламасининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий иш қўзғатишни сўради.
Самарқанд почта алоқа бўлинмаси ходимларининг ушбу найрангларини қандай тушунса бўлади?! Бу қонунларни менсимасликми ёки манманликми? Қўшма корхона мисолидаги ҳолат якка-ягонамикан? Ёки почта хизматига иши тушган Самарқанд шаҳридаги барча жисмоний ва юридик шахсларнинг пешонасига ёзилган оворагарчиликмикан?
Ушбу саволларга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жавоб беради, деган умиддамиз.
Йўлдош Суюнов,
“Щёлково Агрохим–Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасининг юрисконсульти.