Пўлат Бобожонов: Оилалардаги нотинчлик оқибатида оғир жиноятлар содир этилмоқда
Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда. Бу ҳақда 19 март куни Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси доирасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов ўзининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахборотида айтиб ўтди.
2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.
Жумладан, 2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муаммолар туфайли содир этилган.
Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги туфайли 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.
Оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган.