Пора эвазига иш ва солиқ имтиёзи ваъда қилган собиқ ҳоким ўринбосари ва ҳисобчи қўлга тушди
2025 йилда Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, 1986 йилда туғилган фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 14 миллион сўм олган. Аммо, у берган ваъдасини бажармаган.
Давлат хавфсизлиги хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда собиқ ҳоким ўринбосари бўлган бу шахс муқаддам олган пул маблағи ҳисобидан 1000 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида, унинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Шунингдек, Булунғур туманида фаолият юритувчи “Бухгалтерия маркази” давлат муассасаси ҳисобчиси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликка нисбатан ҳисобланган 150 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини ўзининг мансабдор таниши орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, унинг раҳбаридан дастлаб 3 миллион сўм олган.
Сўнгра, у фермердан қўшимча тарзда 15 миллион сўм талаб қилиб, ушбу пул маблағини Булунғур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари билан бирга олган вақтида Давлат хавфсизлиги хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.