Пойтахтда болалар ўртасида коронавирусга чалиниш ҳолати ортмоқда

Тошкент шаҳар “103” хизматига болаларда “Covid-19” белгилари билан қанча чақириқ келиб тушмоқда?

Ушбу саволга Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба МАҲМУДОВА жавоб берди:

— Коронавирус инфекцияси дастлаб катта ёшли инсонларда кўпроқ кузатилиб, Ўзбекистонда ҳам пандемиянинг илк даврларида ёш болалар деярли “COVID-19”га чалинмаган. Афсуски, бугунга келиб, бу вирус уларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Айниқса, сўнгги вақтларда болалар контингенти ичида ҳам касалланиш ҳолатлари тез-тез аниқланмоқда.

Жумладан, жорий йил апрель ойида “103” хизмати орқали 131 нафар бола хасталик белгилари билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган. Май ойида бу рақам 152 нафарга етган бўлса, июнь ойининг 28 санасига қадар 316 нафарни ташкил қилди.

Айни пайтда шаҳар “103” хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 3900-4000 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Сўнгги 10 кун ичида (19-28 июнь кунлари) эса болаларда коронавирус касаллиги белгилари билан 203 та чақириқ келиб тушди. Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ва ушбу вирусга ПЗР тести топшириб, мусбат натижа қайд этилган 18 ёшгача бўлган 191 нафар бемор болаларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар “103” хизмат орқали Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилди.

Шу боис, энг аввало, ҳар биримиз карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиш, энг бебаҳо неъмат бўлган сихат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришимиз лозим. Зарурат бўлмаганда одамлар гавжум бўлган жойларга бормаслик, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш ва ниқоб тақиб юришни тавсия қиламан.