Пойтахтдаги бозор сотувчилари ва уларнинг оила аъзоларида коронавирус аниқланган

Мамлакатимизнинг қатор ҳудудлари, жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари ҳамон ошиб бормоқда. Пойтахтимизда бугун айни пайтга қадар каронавирусга чалинган 10 нафар фуқародан 4 нафарини аҳоли орасидан аниқланганлар ташкил этди. Жумладан, “Ўрикзор” савдо мажмуасида дўкон сотувчиси ва унинг қизида, шунингдек, сотиш учун маҳсулотларни ушбу савдо мажмуасидан олиб, Юнусобод туманида жойлашган дўконида фаолият кўрсатувчи сотувчи ва унинг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус тасдиқланган.

Пойтахтимиз, Самарқанд ва Навоий вилоятларига қўшимча равишда, Наманган ва Бухоро вилоятларида ҳам касалланиш ҳолатларининг учраётгани барчамиз учун жиддий огоҳлантириш сигналлари эканини ёдда тутишимиз лозим. Ушбу ҳолатлар оддий, аммо зарур бўлган карантин қоидаларини турмуш тарзимизнинг бир қисмига айлантиришимиз шарт эканини кўрсатмоқда.

Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юриш, доимо тиббий ниқобни тақиш каби карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлигини қайта-қайта сўрайди. Ушбу тавсияларга ўзингиз ва яқинларингиз соғлиғи учун амал қилинг!