Президент соврини кимларга насиб этади?
Жорий йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга мувофиқ, ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ доллари бўлган Президент соврини учун танлов жорий йилнинг май ойидан бошлаб 5 та асосий ва 1 та махсус йўналишда ўтказилмоқда.
Бугун, 10 август куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида танловининг муҳим қисми бўлган “Bootcamp”, яъни ёшларга янги лойиҳа ғояларини ишлаб чиқиш ҳамда кенгайтириш учун платформа тақдим этиш лойиҳалари малакали спикер ва стартаперлар, соҳа ўқитувчилари ҳамда илмий изланувчилар томонидан тушунтирилди.
- Пул топишнинг энг катта йўли бу стартап яратиш, - дейди россиялик спикер Денис Калышкин. - Сиз стартап яратиб, сармоя киритасиз, гўё даромад унчалик тез суръатларда ўсмаётгандек бўлади, кейин эса бир нуқтада у жуда тез ўсишни бошлайди. Фақат стартапни тўғри танласангиз, маҳсулот бозорга мос бўлса ва технологик тўсиқлар бўлмаганда амалга ошади.
Шунинг учун стартап яратишдан олдин соҳани чуқур ўрганиш, компьютер ва мобил ўйинлардан катта дастурларгача ҳар битта детални ҳисобга олиш ва яратилган технология одамлар учун қулай ва муҳими ёқиши керак.
Тадбирда Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан келган "President Tech Award" танловига ариза топширган иштирокчилар қатнашди.
- Ушбу тадбир янги алоқалар ўрнатиш, стартап соҳасида мутахассислар, мураббийлар ва муваффақиятли тадбиркорлардан қимматли билим ва ёрдам олиш имконини берди, - дейди бухоролик Жонибек Негмуродов. - Танловнинг биринчи босқичда ўқув марказларини автоматлаштириш ва ўқувчиларни онлайн ўқитишга ёрдам бериш учун яратган платформам саралаб олинди. Бугунги тадбирда ушбу платформани экспорт қилиш бўйича спикерлардан тегишли кўрсатмаларни олдим. Энди Президент танловида ғолиб бўлиб, маҳсулотимни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Индонезияга сотмоқчиман.
Президент соврини учун танлов 5 та асосий йўналишда бўлиб, 1-ўрин учун 100 минг, 2-ўрин 50 минг, 3-ўрин учун 30 минг ҳамда танловнинг махсус йўналиши бўйича (битта) - 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Танловда иштирок этиш учун вилоятимиздан 400 нафардан зиёд қатнашчи рўйхатдан ўтган. Айни пайтда танловнинг иккинчи босқичи давом этмоқда ва якуний босқич декабрь ойида тугайди.