Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил учун тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтади.

Очиқ мулоқот "20 август - Тадбиркорлар куни" доирасида ташкил этилиши кутилмоқда.

Унгача ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилиб, уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

- тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш;

- тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- тадбиркорларнинг индивидуал масалалари жойларда тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш.

Шунингдек, "Тадбиркор виртуал офиси" ахборот портали, "Call-марказ", ижтимоий тармоқлар ва сайёр қабуллар орқали тадбиркорлар мурожаатларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат штаб ташкил этилди.