Президентимиз куйиб ёнаётган бир пайтда биз нима қиляпмиз?
Ана шу ухламайдиган, халқпарвар, адолатли, бир сўзли, чўрткесар одам бугунда амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдир.
Бу инсон бугунда ухлагани йўқ, халқ дарди, ташвиши билан куйиб, ёнмоқда. Халқим бахтли бўлсин, дея тиним билгани йўқ. Вилоятларга, туманларга, керак бўлса қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юрмоқда.
Президентимиз шундай хайрли ишларни амалга ошириб, адашганларни кечириб, «Халқим фаровон яшасин, халқ рози бўлсин», дея куйиб ёнаётган бир пайтда биз нима қиляпмиз? Биз Президентимиз учун нима қилдик? Биримиз бориб диний экстремистик гуруҳларга қўшиламиз, биримиз одам савдоси, биримиз наркотик моддалар савдоси билан шуғулланамиз, биримиз жиноят қиламиз, қонунларда белгиланмаган ишларни амалга оширамиз. Шуми бизнинг Президентимизга ёрдамимиз? Президентимизни шундай қўллаб-қувватлаймизми?
Қайси соҳа қолди Президентимиз ичига кирмаган? Нега ташаббус фақат Президентимиздан чиқади? Нега биз Президентимизга ташаббус билан чиқмаймиз? Президентимизга сиёсий майдонлардаги ташвишлар етмайдими?
Юртимизда қанчадан-қанча телерадиоканаллар бор. Қанча газета ва журналларимиз чоп этилмоқда. Чет эл оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президентининг сиёсий ва бошқа жараёнларда амалга ошираётган ишларини бот-бот мақтаётган бир пайтда нега Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари “Менинг Президентим”, “Бизнинг Президентимиз”, деган мавзуларда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрламайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг турли лавозимларда ишлаган даврларида оддий инсонларга қилган кутилмаган яхшиликларини кўрсатиб бермайди.
Улуғ байрам - Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги байрами арафасида айтмоқчиманки, ҳақиқатга тик қараб, ўзбек деган номга мос бўлиб, ўзимизга савол ва мақсад қўяйлик: «Қани, айтинг, нима қилдик Ватан учун, нима қилдик Президентимиз учун?»
Ватанга садоқат, қонунларга итоат этган ҳолда ҳар он, ҳар дақиқа Президентимизни қўллаб-қувватлайлик.
Анвар ЮСУФОВ,
Қўшработ тумани.