Президентнинг Японияга сафари стратегик ҳамкорликнинг янги саҳифасини очди

18–20 декабрь кунлари Президентимиз расмий ташриф билан Японияда бўлди. Бу ташриф ҳар томонлама стратегик ва тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки давлат муносабатларини янада юксак босқичга олиб чиқди.

Биринчидан, Япония билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласи кун тартибидан жой олди. Япония Бош вазири Санае Такаичи хоним билан ўтказилган расмий музокаралар доирасида икки давлат ўртасида 12 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги янги ҳамкорлик портфели шакллантирилди. Бу пакет энергетика, транспорт, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, халқаро савдо, сув ресурслари ва таълим каби устувор йўналишларни қамраб олади. Шунингдек, Самаркандда япон стандартлари асосида махсус иқтисодий зона ташкил этиш режалаштирилди. Япония томони билан биргаликда имзоланган “келажак авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича қўшма баёнот” икки давлат муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.

Иккинчидан, барқарор инвестициялар ва йирик лойиҳа ташаббуслари илгари сурилди. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев йирик япон компаниялари раҳбарлари билан учрашганини эътироф этиш лозим. Натижада  Japan Oil, Gas and Metals National Corporation (JOGMEC) ва ITOCHU вакиллари билан Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги уран ва ноёб металлар конларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Sumitomo Corporation билан энергия ва саноат лойиҳалари, хусусан, Самарқандда қуёш энергетикаси ва Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари бўйича режалаштирилган ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилди. Sojitz Corporation билан Сирдарёда комбинатацияланган электр станцияси, Тошкент халқаро аэропорти, шифохона ва бошқа ижтимоий инфратузилма лойиҳалари устида келишувлар муҳокама қилинди.

Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг иқтисодий модернизацияси ва транспорт, энергия ҳамда тиббиёт тизимини замонавийлаштиришни давом эттиришга хизмат қилади, шунингдек, япон технологиялари ва инвестицияларини жалб этади.

Учинчидан, маданий, таълим ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, таълим соҳасида ҳам катта ютуқлар қайд этилди: япон тилини ўрганиш 7 та Ўзбекистон университетида ўргатилмоқда, ўнлаб талабалар япон ҳукумати томонидан таъминланган стипендиялар билан ўқиди. Бундан ташқари, Тошкентда Тсукуба университети билан ҳамкорликда қўшма университет ташкил этиш, шунингдек, Эдо қўшма тадқиқотлар, ёш олимлар алмашинуви ва илмий грантлар жорий этиш бўйича келишиб олинди.

Тўртинчидан, “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ўтказилди ва унда минтақавий шериклик бўйича иқтисодий ва экологик ҳамкорлик, яшил энергия ва барқарор ривожланиш бўйича янги ташаббуслар илгари сурди. Тадбир доирасида ўтказилган бизнес форумда япон компаниялари ва Марказий Осиё давлатлари иштирокида бир қатор лойиҳа ва инвестиция ташаббуслари, хусусан, энергия, транспорт ва саноат йўналишларида ҳужжатлар алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Бешинчидан, янги давр учун стратегик шериклик диққат марказида бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни нафақат кенгайтирди, балки сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Бу ташриф Ўзбекистоннинг Осиё ва глобал майдондаги стратегик шериклар қаторини янада кучайтириб, мамлакатнинг узоқ муддатли, барқарор ва инклюзив ривожланишига хизмат қилувчи йирик ҳамкорликлар пойдеворини мустаҳкамлади.

Диёр Ражабов,

Самарқанд давлат чет тиллар институти япон филологияси кафедраси мудири.

Улуғбек Ҳусанов,

институтнинг шарқ тиллари факультети декани.