Профилактика инспекторига пора таклиф қилган қиморбоз ушланди
Қува туманида қимор ўйнаш билан шуғулланадиган кимса ўз қилмишини яшириш мақсадида бошқа бир жиноятга қўл урди. Бу ҳақда "Постда" нашри хабар берди.
Гап шундаки, у жорий йилнинг 17 январь куни Қува тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспекторига мурожаат қилиб, кутилмаган таклифни ўртага ташлайди.
Қиморбоз профилактика инспекторига Қува тумани, Бўстон маҳалласидаги ошхоналарнинг бирида қимор ўйини ташкил этишаётгани, бу ҳаракатларга кўз юмиб, қонуний чора кўрмасдан юрса, ҳар ойнинг 17 санасида 800 минг сўм миқдорида пора бериб туришни таклиф қилади. Профилактика инспектори фуқарога қимор ўйнаш ҳуқуқбузарлик, қиморхона ташкиллаштириш эса жиноят эканлиги, давлат органи ходимига пора таклиф қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳар қанча тушунтирмасин, у фикридан қайтмади.
Охир-оқибат, профилактика инспектори қасамёдига содиқ қолиб, фуқаронинг бу хатти-ҳаракати ҳақида раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилди.
Унинг билдиргиси асосида ўтказилган тадбир чоғида фуқаро 800 минг сўм миқдоридаги пулларни профилактика инспекторига пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.
Мазкур тадбир давомида фуқаро айтган манзилда бир гуруҳ шахслар томонидан қимор ўйнаётганлиги ҳам фош этилди. У ердан 650 минг сўм миқдоридаги пуллар, қарта ва ошиқ тошлари холислар иштирокида, далилий ашё сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.