Прокуратура судга апелляция протести киритди. Натижада суд ҳукми ўзгартирилди
Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонунида жиноят ишларининг судда кўрилишида прокурор иштирокини таъминлаш прокурорнинг ваколатларидан бири сифатида белгиланган. Прокурор биринчи инстанция судларида жиноят ишлари кўрилишида прокурор иштирокини таъминлайди ҳамда суднинг қонунга зид қарорларига ўз муносабатини билдириб, унинг устидан биринчи инстанцияда апелляция протести келтириш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Яқинда ана шундай ҳолат юзага келди. Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг 2019 йил 12 ноябрдаги ҳукмига кўра, судланувчи А.Рахманов ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Шу билан бир қаторда, Б.Муҳаммедов ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилиб, ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Нима учун уларга бундай жазо қўланилди?
Суд ҳукмида қайд этилишича, судланувчи Рахманов Аҳрор Ҳусанович 2019 йил 9 август куни 03:30 ларда ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия” русумли 70А 571LА давлат белгили автомашинани Булунғур тумани “Каттақишлоқ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1054-километрида “Тошкент-Самарқанд” йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда ушбу йўналишдаги чап томонга қайрилиб олиш мумкин бўлмаган (4.1.1 йўл белгисидан) қайрилишни амалга ошираётган ҳайдовчи Бобир Муҳаммадиев Абдикарим ўғлининг бошқарувидаги “Нексия” русумли 75М 612НA давлат белгили автомашинасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Оқибатда “Нексия” русумли 75М 612НA давлат белгили автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Шахноза Дўсматова Кимсановнанинг оғир тан жароҳати олишига сабабчи бўлган.
Дастлабки тергов ҳамда судда сўроқ қилинган А.Рахманов ва Б.Муҳаммедовлар ўз кўрсатувларида айбига тўлиқ иқрорлигини, ҳозирги кунда содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, бошқа бундай жиноят содир этмаслигини, жабрланувчидан кечирим сўраганлигини, шу сабабли суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни билдириб, кўрсатма берган.
Бундан ташқари, жабрланувчи Ш.Дўсматова дастлабки тергов жараёнидаги сўроқда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олган тан жароҳати юзасидан бирор бир шахсга даъво-эътирози йўқлигини билдирган. Аммо суд яраштирув чораларини кўрмасдан ва жабрланувчини ҳолат юзасидан сўрамасдан, сўраш чораларини кўрмасдан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилган.
Бу ҳолатга туман прокуратураси томонидан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг апелляция судлов ҳайъатига апелляция протести келтириш орқали қатъий муносабат билдирган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7-моддаси 2-бандида жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, ЖКнинг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши лозимлиги белгиланган.
Судланганлар А.Рахманов ва Б.Муҳаммедовлар ўз кўргазмаларида жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ва у билан ярашганлиги учун енгиллик берилишини, жабрланувчи узоқда бўлганлиги сабабли олиб келишнинг имкони йўқлигини баён қилган бўлса-да, биринчи инстанция суди ушбу ҳолатларни инобатга олмасдан, А.Рахманов ва Б.Муҳаммедовларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаб хатоликка йўл қўйган.
Келтирилган апелляция протести натижасида 2019 йил 20 декабрда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясининг ажрими билан судланувчи А.Рахманов ва Б.Муҳаммедовлар томонидан содир этилган қилмиш тавсифланишига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, уларнинг айбига иқрорлиги, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги, оилавий шароитлари, жабрланувчи Ш.Дўсматованинг даъвоси йўқлигини эътироф этиб, бу ҳолатлар судланувчиларнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлигини намоён қилувчи мезонлар сифатида қайд этди. Шунга кўра, ЖКнинг 70-моддаси ва ЖПКнинг 463-моддаси 3-қисми 3-бандига асосан жазодан озод қилинган.
Юқоридаги ҳолатда прокуратура томонидан келтирилган протест асосида ҳукм ўзгартирилиб, судланувчилар жазодан озод қилинган бўлса-да, уларга нисбатан ярашув институтини қўлашнинг имкони бўлмаган. Бу эса ўз навбатида биринчи инстанция судининг шошма-шошарлик билан қабул қилган қарори натижасида юзага келган.
Фарҳод МАРДОНОВ,
Жомбой тумани прокурори ёрдамчиси, 3-даражали юрист.