Пушкин зиддиятли шахс бўлганми?

Пушкин замондошлари ва уни яқиндан таниган кишилар уни буюк истеъдод соҳиби бўлганлиги билан бир қаторда, ўта қизиққон ва зиддиятли инсон сифатида таърифлаган. Пушкин ва француз зобити Дантес ўртасида бўлиб ўтган дуэл Пушкин учун аянчли якунланганини барча билади. Бироқ шоир Дантес билан бўлиб ўтган дуэлга қадар бошқалар билан ҳам дуэлга чиққанми? Эътиборингизга Александр Пушкин қатнашган дуэллар рўйхатини ва унинг дуэлгача етиб бормаган зиддиятларини тақдим этамиз.

1. 1816 йилда 17 ёшли Александр ўзининг тоғаси, 1812 йилги Наполеон қўшинига қарши уруш қатнашчиси, Павел Исаакович Ганнибални дуэлга чақирди. Павел Исаакович Александр ёқтириб қолган аёлни ўзига оғдириб олгани сабабли қизиққон шоир кўпчиликнинг олдида тоғасини дуэлга чақирди. Бироқ ҳарбий хизматчи бўлган Павел Исаакович Пушкинга рад жавобини берди.

2. 1817 йил Пушкиннинг ҳазилона ёзган шеъридан унинг дўстлари Каверин ва Пашковнинг жаҳли чиқди ва улар шоирни дуэлга чақирди. Пушкин дастлаб дуэлга қаршилик билдирмади, кейин княз Василчиков дўстларни яраштириб қўйишга эришди. Пушкин дўстларидан узр сўради.

3. 1819 йил “Декабрист” шоир Рилеев Пушкин тўғрисида миш-миш тарқатиб юрганидан хабар топган Александр Кондратий Рилеевни дуэлга чақирди. Дуэл бўлиб ўтди. Пушкин ҳам Рилеев ҳам тепага отишди. Дуэлдан сўнг иккаласи ярашиб олди.

4. 1819 йил. Пушкинни дўсти Вилгелм Кюхелбекер дуэлга чақирди. Сабаб - Пушкин Кюхелбекер тўғрисида ёзган мисралар эди. Дуэл бўлиб ўтди. Дастлаб Вилгелм Пушкинга қарата ўқ узди, лекин нишонга теккиза олмади. Навбат Александрга келганда у отишдан бош тортди.

5. 1819 йил Пушкин вазирлик амалдори Модест Корфни дуэлга чақирди. Чунки Пушкиннинг хизматкори Корфнинг оқсочига тегажоқлик қилган. Корф эса уни дўппослаган ва Александр билан дуэлга чиқишни рад этган.

6. 1819 йил Пушкин майор Денисевични дуэлга чақирди. Пушкин театрда ўзини ахлоқсиз тутгани учун майор унга танбеҳ берган. Дуэл Денисевичнинг узридан сўнг тўхтатилди.

7. 1820 йил Пушкин Фёдр Орлов ва Алексей Алексеевни дуэлга чақирди. Чунки Александр маст бўлиб уларга билярд ўйнашга халақит қилгани учун иккаласи Пушкинга танбеҳ беришган. Бироқ дуэл бўлмади. Учала томон ярашиб олди.

8. 1822 йил Пушкин француз офицери Дегилини дуэлга чақирди. Аммо бунинг сабаби ҳозиргача ноаниқлигича қолмоқда. Пушкиннинг мерганлигини билган Дегили қурол сифатида қилични танлади. Бироқ қилич билан ҳам жанг қилишдан қўрқиб кетган Дегили дуэлга келмади.

9. 1822 йил Пушкинни подполковник Семен Старов дуэлга чақирди. Улар ресторанда қўшиқчидан ўзлари хоҳлаган қўшиқни айтишни талаб қилиб тортишиб қолганди. Қўшиқчи Пушкин сўраган қўшиқни айтган. Дуэл бўлиб ўтди. Иккаласи ҳам тепага отишди.

10. 1822 йил Пушкин 65 ёшли амалдор Иван Ланов билан тортишиб қолди. Александр кекса амалдорни дуэлга чақирди. Аммо дуэл бўлмади, қизиққон Пушкин ҳибсга олинди.

11. 1822 йил Пушкин молдавиялик Тодор Балшни дуэлга чақирди. Чунки Балшнинг аёли Пушкинга ҳурматсизлик қилганди. Дуэл ўтказилди, иккаласи ҳам тепага отди.

12. 1822 йил Пушкин катта ер эгаси Скартл Прункулони дуэлга чақирди. Пушкин ҳам Скартл ҳам бошқа бир дуэлда секундат эди ва ўша ерда тортишиб қолишди. Дуэл бўлмади, томонлар ярашиб олди.

13. 1822 йил Пушкин тушлик вақтидаги тортишиб қолиб, Северин Потоцкийни дуэлга чақирди. Потоцкий Пушкиннинг ҳақ эканлигини тан олди ва узр сўради. Дуэл бўлмади.

14. 1822 йил Пушкинни зобит штабс-капитан Рутковский дуэлга чақирди. Пушкин унинг деярли беш кило чиқадиган ўлкан дўл тўғрисида сўзлаб берган гапларига ишонмади ва унинг устидан кулди. Дуэл бўлмади, Пушкин яна ҳибсга олинди.

15. 1822 йил Пушкинни кишинёвлик пулдор Инглези дуэлга чақирди. Инглези рафиқаси билан Пушкиннинг ўртасида ишқий муносабатлар бор, деб шубҳаланган. Дуэл бўлмади. Пушкиннинг ишқий саргузаштларидан хабар топган дўстлари шоирни вақтинча ҳибсда ушлаб туришди. Эр-хотин Инглезиларни бўлса яраштириб, чет элга сайёҳатга жўнатиб юборишди.

16. 1823 йил Пушкинни штаб зобити, генерал Александр Зубов дуэлга чақирди. Пушкин Зубовни поккер (қимор) ўйини вақтида ғирромликда айблади. Дуэл бўлиб ўтди. Зубов отган ўқ шоирга тегмади. Пушкин отишдан бош тортди.

17. 1823 йил Пушкин ёш ёзувчи Иван Руссони дуэлга чақирди. Чунки Пушкин уни ёқтирмасди. Дуэл бўлмади ва томонлар келишиб олишди.

18. 1826 йил Пушкин Николай Тургеневни дуэлга чақирди. Сабаби Тургенев шоирнинг шеърларини танқид қиларди. Томонлар келишувга эришди.

19. 1828 йил Пушкин таълим вазири Александр Голицинни дуэлга чақирди. Пушкин вазирга қарши эпиграмма ёзганди. Шу сабабли Голицин томонидан унга қарши маҳкамада жиддий сўроқ ўтказилди. Дуэл бўлмади, томонлар келишувга эришди.

20. 1828 йил Пушкин зиёфатдаги номаълум хоним сабаб Франция элчихонаси котиби Лагренни дуэлга чақирди. Дуэл бўлмади, томонлар келишувга эришди.

21. Пушкин Ташқи ишлар вазири Хвостовни дуэлга чақирди. Чунки Хвостов Пушкин у ҳақида номаъқул сўзлар ёзганидан жаҳли чиққан ва шоирнинг нафсониятига тегадиган сўзлар айтган. Хвостовга айниқса, уни “чўчқа”, деб атагани ёқмаган. 72 ёшли Хвостов ва 30 ёшли Пушкин ўртасида дуэл бўлмади, дўстлари уларни яраштириб қўйишди.

22. 1836 йил Пушкин княз Николай Репинди дуэлга чақирди. Улар орасига ғийбатчилар совуқчилик солганди. Дуэл бўлмади, томонлар дўстона келишиб олдилар.

23. 1836 йил Пушкин Владимир Сологубани дуэлга чақирди. Сабаби Сологуба Пушкиннинг рафиқаси Наталя Гончаровани зиёфат вақтида ҳақорат қилган. Владимир Сологуба Гончарова хонимдан узр сўради, томонлар келишиб олди.

24. Нидерландлар элчиси Геккерн Пушкинни дуэлга чақирди. Пушкиннинг рафиқаси Наталя Гончарова билан Жорж Дантес ўртасидаги ишқий муносабатлар тўғрисида Александрга аноним хатлар кела бошлади. Табиатан қизиққон бўлган шоир бундай хатлар таъсирида бир неча бор Дантес билан зиддиятга борди. Охир оқибат Пушкин, Дантсенинг тутинган отаси Геккернга хақоратли хат ёзди. Бироқ дуэлга унинг ўғли Жорж Дантес чиқди. Дуэл бўлиб ўтди. Пушкин жиддий жароҳат олди. Дантес ўнг қўлидан яраланди. Олган жароҳат оқибатида Александр Сергеевич Пушкин вафот этди.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.