Путин ва Эрдоған Москвада қандай келишувларга эришди?

5 март куни Путин ва Эрдоған ўртасида бўлиб ўтган учрашув олти соатга яқин вақт давом этди. Дастлаб мамлакат раҳбарлари уч соатча ёлғиз суҳбат қуришди, сўнг учрашув делегация аъзолари билан биргаликда давом этди. Кремлда олиб борилган музокаралар чоғида Россия ва Туркия делегациялари таркибида, иккала давлатнинг ташқи сиёсат ва мудофаа раҳбарлари иштирок этди.

Музокаралар якунида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Режеп Тойипп Эрдоған журналистлар учун матбуот анжуманида иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси Идлибдаги (Сурия) вазият бўлди. Бу ҳақда учрашувдан бир кун илгари РФ матбуот котиби Дмитрий Песков хабар берган эди. “Режалар - Эрдоған билан Идлибдаги кескин вазиятни муҳокама қилиш. Кутилаётган натижа – мазкур кескин вазиятни ўзаро якдилликда тушунишга эришиш, вазият кескинлашуви сабаблари, салбий оқибатлари ва унинг олдини олиш учун ҳамкорликда олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуини шакллантириш”, дея таъкидлади Песков.

Ўз навбатида, музокаралардан асосий мақсад низога барҳам бериш эканлиги тасдиқланди. “Бизда Россия билан ҳар томонлама алоқалар мавжуд. Ярашувни таъминлаш учун муҳим бўлган барча тадбирлар муҳокама қилиниши зарур”, деди Туркия етакчиси матбуот котиби Ибрагим Калин.

Учрашув бошланганда Путин Эрдоғанга Сурияда ҳалок бўлган турк ҳарбийлари учун ҳамдардлик билдирди: “Ҳеч ким, Сурия ҳарбийлари ҳам шу қаторда, уларнинг қароргоҳи қаерда эканлигини билмасди”, деди у.

Шунингдек, РФ Президенти Сурия армиясининг жиддий талафот кўрганлигига эътибор қаратди ва Эрдоғанга: “Бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги ва бу икки томон ҳам қадрлайдиган - Россия-Туркия ўртасига совуқчилик туширмаслиги учун барча муаммоларга тўхталиш лозим”гини таклиф қилди.

Эрдоған бугунги кунда Россия ва Туркия муносабатлари ўзининг энг юқори чўққисига чиққанлигини таъкидлади: “Бу шубҳасиз, мудофаа саноати, савдо алоқалари ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади. Улар ривожланишда давом этмоқда. Бизнинг фикримизча ва сўзлашимизча, биз шу йўналишда олдинга силжишимиз зарур”.

Музокаралар якунига кўра, Президент Владимир Путин Россия ва Туркия Сурия Идлибидаги кескин вазиятни ечиш учун мақбул ечимлар топганини баён қилди. Унинг сўзларига кўра, Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун мамлакатлар ўртасида имзоланган ҳамкорликдаги ҳужжатга эришилди. РФ Президенти музокаралар вақтида иккала томон ҳам Остона формати доирасида алоқалар давом этишидан манфаатдор эканлигини таъкидлади. 5 март куни эришилган келишувлар Сурия ҳудудида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга асос бўлишидан ва Сурияда тинчлик ўрнатилиши жараёнининг давоми этишига хизмат қилишидан умидвор эканлигини айтди.

Эрдоған эса ўт очишни бекор қилиш тартиби 5 мартдан 6 мартга ўтар кечаси амалиётга киритилишини ва Москва вақти билан 00.01 дан бошлаб амал қилишини хабар қилди.

Туркия Президенти, Сурия қочоқларини ватанига қайтаришга Анқаранинг кўмаклашуви тўғрисидаги мажбуриятлари ҳақида ахборот берди. У шунингдек, Сурия ҳарбийларининг ҳаракатларига жавоб бериш ҳуқуқи Туркиянинг ўзида қолаётганлигини ҳам қўшимча қилди.