Қачонгача Афандининг ишини қиламиз?
Афанди қаттиқ-қаттиқ гапириб ўғлини койиб турган экан, қўшниси бунинг боисини сўрабди.
- Ўғлим айтганимни бажаради, - дебди Афанди.
- Яхши-ку, айтганингизни қилса, яна нега уришяпсиз? - ҳайрон бўлибди қўшни.
- Қачонгача айтганимни бажаради-ю, айтмаганим қолиб кетади. Ҳар бир ишни фаросат билан ўзи бажариши учун койияпман, - деган экан Афанди.
Кеча, 7 июль куни телеграм каналимизда "Самарқанд шаҳрида ҳам давлат тилини жорий этиш бўйича комиссия бормикан-а?.." деб иккита сурат эълон қилган эдик. Унда Самарқанд шаҳридаги янги очилаётган савдо маркази пештоқи ва эшиги олдида чет тилида ёзилган сўзларни кўрсатиб, давлат тили ҳақидаги қонун талаблари бузилаётганига ишора қилгандик.
Кеча куннинг иккинчи ярмида таҳририятимизга мазкур бино эшиги тепасидаги ёзув (баннер) олинаётгани акс этган сурат ва видеолавҳа юборилди (ҳеч бир изоҳсиз). Хурсанд бўлдик - демак, хатони тўғирлашибди.
Афсус, эрта қувонган эканмиз. Эшик тепасидаги ёзувни олишибди-ю, пештоқдаги сўзлар ҳамон ўша-ўша, ўзга тилда қолибди.
Яна ҳайрон бўлганимиз - бино рўпарасидаги электр таянч устунда косметика воситалари рекламаси ҳамон кечагидек хорижий тилда ёзилганича турибди.
Масъуллар чиқишимизга эътибор қаратиб, битта лавҳани олишибди, аммо бошқаларига эътибор ҳам қаратишмабди-да?! Афандининг куйинганича бор-а, тўғрими?
Биз албатта, ҳокимлик ёки кимгадир таъна қилмоқчи эмасмиз. Давлат тилининг ҳурмат қилиниши, бунга барча бирдек риоя қилишига эришишдан фақат биз эмас, барча бирдек манфаатдор. Айниқса, давлат ҳокимияти органлари. Бас, шундай экан, камчилик ва муаммолар ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида ёритилганидан кейин эмас, аввалроқ уларга ечим топайлик. Бир жойдаги ҳолат танқид қилингач, барча ҳудудлардаги шу каби муаммоларга ечим топишга қачон одатланамиз?
Ўйламанг, биз кимнингдир, қайсидир ташкилотнинг, идоранинг камчилигини кўрсатишдан роҳатланмаймиз, фақатгина элнинг, одамларнинг назаридаги ҳолатларни сизга эслатиб қўймоқчимиз, холос.