Қандай белгилар пайдо бўлса, коронавирусга чалинган бемор албатта шифохонага ётқизилиши керак?
АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов ушбу саволга жавоб берди:
- Хавотирланиш ва шифокорга мурожаат қилиш учун қуйидаги симптомларни инобатга олиш лозим:
- ҳансираш (ҳаво етмаётганлигини сезиш) — нафас олиш частотаси беморнинг тинч ҳолатида дақиқасига 22 ва ундан юқори бўлиши;
- тана ҳарорати стабил равишда 39 даража ва ундан юқори бўлиб, иситмани туширувчи дори воситалари ёрдамида тушмаслиги;
- қоннинг кислород билан таъминланиши 90 фоиздан паст бўлиши (бу кўрсаткич пульсоксиметр ёрдамида аниқланади);
- қон босимининг тушиб кетиши ёки кескин кўтарилиб кетиши (90 дан паст ёки 220 дан юқори);
- юрак уришининг тезлашиши — пульс дақиқасига 130 ва ундан юқори бўлиши;
- беморда онг кўрсаткичларининг пасайиши;
- қўшимча хавф омиллари: ёши 60 ва ундан юқори, ёндош касалликлар — диабет, гипертония, юрак хасталиклари, ўпка ва буйраклар сурункали касалликлари, онкологик касалликлар ва иммунитетнинг пасайиши;
- оғир симптомларнинг мавжудлиги, яъни чидаб бўлмайдиган оғриқлар, жумладан бош оғриқлари, тўхтамасдан қайт қилиш ва интенсив диарея.
Бу ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиб, бемор стационарга юборилиши лозим.