Қандай жиноятларга майда безорилик дейилади? Унинг хусусиятлари нима?
Қуйида мазкур саволлар юзасидан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси Ориф Пардаев ҳамда мазкур суд судяси Зарифа Аҳмедова атрофлича фикр юритади:
Статистик маълумотларга кўра, судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда энг кўп қайд этилаётган ҳолатлардан бири жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик ҳисобланади.
Жамоат тартибига қарши ҳуқуқбузарликлар деганда, жамиятда юриш-туриш қоидалари ва жамоат осойишталигини таъминлаш ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлишга асосланган жамоат тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатларга тажовуз қилувчи, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодексида кўрсатилган ҳуқуққа хилоф, айбли ижтимоий хавфли қилмишлар тушунилади.
Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг белгиланганлиги Ўзбекистон Республикасининг қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида ўрнатилган ёки ахлоқ меъёрлари билан тартибга солинган жамиятдаги юриш-туриш қоидалари ва уларнинг бузилишига қаратилган муносабатларни маъмурий ва жиноий тажовузлардан ҳимоя қилади.
Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи каби бошқа хатти-ҳаракатларда намоён бўлади. Бу ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Майда безорилик - жамоат тартибига қасд қилиш демак. Жамоат тартиби – жамоат жойларида ҳуқуқ нормаларини сақлашга асосланган муносабатлар бўлиб, айбдорнинг хатти-ҳаракати, жамиятнинг, теварак атрофдаги фуқароларнинг манфаатларини ошкора менсимасликдан, маданий савиясининг пастлигидан, ахлоқ-одобнинг мавжуд қоидаларини назар-писанд қилмасликдан далолат беради.
Жамоат тартиби фақатгина ҳуқуқий томондан эмас, балки бошқа ижтимоий, яъни ахлоқ урф-одат, жамоат ташкилотларининг меъёрлари билан ҳам мустаҳкамланади. Бунда ҳуқуқий жиҳат асосий роль ўйнайди, чунки тартибни бузганлик учун юридик жавобгарликни, жазонинг тури ва даражасини шулар белгилайди.
Майда безорилик қасддан ва кўпинча ошкора амалга оширилиши билан ҳам тавсифланади. Айбдор қонунга қарши хатти-ҳаракат қилаётганини тушунади ва шунинг натижасида жамоат тартиби ҳамда фуқаролар осойишталигининг бузилишига йўл қўяди. Майда безорилик гоҳида эгри ниятни кўзлаб амалга оширилади. Ҳуқуқбузарлик содир этиш вақти 16 ёшга тўлган шахс майда безориликнинг субъекти бўлади.
Қонун ҳужжатларида маъмурий-жиноий жавобгарлик хусусида сўз борганда “жамоат жойи” атамаси жуда кўп учрайди. Баъзи ҳолларда кишининг ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини англаб етиши мушкул бўлади. Бизнингча, жамоат жойи деганда барча фуқароларнинг тўсиқсиз киришлари, у ерда бўлишлари учун очиқ бўлган, ёхуд фуқароларнинг турли эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган жойдаги ҳудудлар, хоналар, иншоотлар, уларнинг қисмлари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт коммуникациялари тушунилади.
Таҳлилий натижаларга кўра, биргина жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида 2021 йил давомида 1634 шахсга нисбатан, 1035 та маъмурий иш (шундан, 1488 нафар эркак, 223 нафар аёл), шунингдек, 2022 йил 5 ойи давомида 1041 шахсга нисбатан, 691 та маъмурий иш (шундан, 861 нафар эркак, 184 нафар аёл) кўрилган.