Қандли диабети бор кишиларда нега вирус оғир кечади?

Коронавирусга чалинган беморлар даволана бошлагандан бери баъзи хасталиклари бор кишилар эҳтиёткор бўлишлари, ўзларини бошқалардан кўра кўпроқ асрашлари ҳақида фикрлар билдирилмоқда.

Бу гап нечоғли тўғри? Вирусга чалинган беморлар нималарга эътибор қаратиши керак? Келинг, шу ҳақда фикрлашайлик.

Коронавирус тарқала бошлаган пайтиёқ хорижлик мутахассислар ёндош хасталиклари, жумладан, қанд касали бор инсонлар ўзини эҳтиёт қилиши ҳақида бонг урдилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу ҳақда таъкидлагач, ушбу хасталик бўйича даволаш ишларини олиб бораётган шифохонамизда ҳам қатор чоралар амалга оширилди. Хусусан, шифокорлар беморлар билан онлайн мулоқотда бўлиб, зарур тавсияларни бериб борди.

Биринчи навбатда, бундай инсонлар қанд миқдорини нормаллаштириб туришлари, парҳезга риоя қилишлари лозим. Қанд касаллиги бор беморларнинг хасталик даражаси турлича бўлади. Ўртача даражадагилари кўп ҳолларда шифокорларнинг барча тавсиясига ҳам амал қилмайди. Хусусан, муолажаларни вақтни ўтказиб олишади, парҳезга амал қилишмайди.

Вирус тарқалиши ҳали тўхтамаган бу кунларда қандли диабети мавжуд беморлар ўз соғлигига эътиборли бўлиб, ўзларига тегишли бўлган муолажаларни ўз вақтида олишларини тавсия этган бўлардим.

Коронавирус ушбу хасталикда оғир кечишининг асосий сабаби, қонда унинг тарқалишига қулай муҳитнинг мавжудлигидадир. Умуман, дунё олимларининг хулосаларига кўра, вирус биринчи навбатда организмнинг ожиз аъзосига кўпроқ зарба беради. Бу эса у ёки бу хасталиги мавжуд инсонлар, аввало, ўша аъзоларига беэътибор бўлмасликлари, ўз вақтида даво муолажаларини олиб туришлари лозимлигини англатади.

Айни кунларда вилоятда COVID-19 га чалинган беморлар даволанаётган тақсимлаш марказида ҳам диспансеримизнинг уч нафар тажрибали шифокори фаолият олиб бормоқда. Улар марказга келтирилган, қандли диабети бор инсонларни даволашда ўз ҳиссаларини қўшаётир. Айтиш керакки, ўз вақтида даволаниб юрган, қоидаларга амалга қилган қандли диабети бор инсонлар орасида ҳам вирусни енгил ўтказиш ҳолатлари учрамоқда. Аммо соғлигига эътиборсизлик қилган беморларда хасталик оғир кечиши кузатилади.

Азиза Юсупова,

Самарқанд вилоят эндокринология диспансери бўлим бошлиғи.