Инвестициялар нафақат иқтисодий тараққиётнинг, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир

10-11 июнь кунлари IV Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.
Унда нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди. Форумнинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва стратегик ислоҳотларни халқаро майдонда танитишдан иборат бўлди.
Мазкур форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этди. Биз буни, авваламбор, мамлакатимизга бўлган ҳурмат, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликнинг чинакам ифодаси, деб биламиз.
Президентимиз томонидан келтирилган рақамлар – IТ экспортининг 1 миллиард долларга етиши, 2030йилга келиб, бу кўрсаткични беш баробарга ошириш режаси, 500 мегаваттли 20 та “дата марказ” қурилиши – бу мамлакатнинг рақамли трансформация йўлида жиддий ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Айниқса, “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси ёш авлодни янги технологиялар асосида тайёрлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик ёндашувдир.
Шунингдек, Форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир! Инвестиция муҳитини яратилиши аҳолимизга даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдевордир.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти саккиз йилда 2 баробар кўпайиб, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказилиши мақсад қилинган. Ўтган йили инвестиция ҳажми 35 миллиард долларга, экспорт эса 27 миллиард долларга етгани, бу – тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ҳам амалий натижасидир.
Ўтган қисқа даврда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, “яшил” энергия улуши 54 фоизга етади.
Электр тармоқларини янгилашга ҳам 4 миллиард доллар жалб этилиши ва бу борада жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий шерикликка ўтказилиши соҳадаги муаммоларнинг мақбул ечими десак муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, илк бор “яшил” сертификат ва углерод бирликлари савдосини бошладик. Шу йил глобал углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари платформаси яратилади.
Форум фақат тадбир эмас, балки янги босқичга ўтиш рамзидир. Бу сафарги форум бизнес муҳит жаҳон стандартларига мослашаётганини кўрсатади ва инвесторларга ишонч меҳрини оширади. Мазкур форумда иқтисодий ривожланиш, инвестициялар, яшил энергия, рақамли технологиялар ёки хавфсизлик каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Бу мавзулар глобал ҳамжамият учун муҳим, шу билан бирга Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Форумда турли мамлакатлардан келган делегациялар иштирок этди, янги шартномалар, меморандумлар имзоланди. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Форум Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка тайёр эканини, инвестициялар учун очиқлигини ва ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги қатъиятини кўрсатди. Мухтасар қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи Ўзбекистоннинг глобал инвестицион муҳитдаги ўрни, инновацияларни илгари суришдаги қатъияти ва халқаро ҳамкорликдаги очиқлигини кўрсатди.
Насиба Мўминова,
ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши бўлим мудири, туман Кенгаши депутати.