Қашқадарёда ачинарли аҳволга тушиб қолган “Журналистлар уйи” биноси таъмирланади

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти “Журналистлар уйи” биносининг ачинарли аҳволга келиб қолганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.

"Ачинарли аҳволга тушиб қолган Қашқадарё вилояти “Журналистлар уйи” биноси умид қиламизки, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан тез фурсатда бартараф этилади. Биз ҳам унинг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этиб, баҳонада вилоят журналист ва блогерлари билан учрашишга тайёрмиз", дея пост қолдирди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида.

Мазкур ҳолатга нисбатан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди:

Унга кўра, Қарши шаҳрида жойлашган “Журналистлар уйи”нинг таъмирлаш ишлари охирига етмай қолганлиги бўйича маълумот вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаевга маълум қилинган.

Бу масалада вилоят ҳокими жорий йилнинг 18 ноябрь куни масъуллар билан йиғилиш ўтказиб, тегишли топшириқларни берган.

Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизов ва вилоят молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповларга таъмирлаш ишларини тез орада якунлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Аллаевга қурилиш якунига етганидан сўнг журналист ва мухбирларни очиқ ва шаффоф усулда бинога жойлаштириш бўйича вилоят ҳокимига таклиф киритиши белгиланган.

Вилоят ҳокими юқоридаги масала бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи У.Нусуров билан ҳам учрашиб, муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қилаётганлигини, вилоят журналистлари ҳамда ижодкорлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича бир қатор режалари борлигини ҳам маълум қилган.

Вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизовнинг маълум қилишича, бинога ҳозиргача 1 миллиард 300 миллион сўм сарфланган. Аммо таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қўшимча маблағ зарур. Ушбу маблағ масаласи ҳал этилиши билан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади.