Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани ростми?

Маҳаллий интернет нашрларида эълон қилинган Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани  ҳақида хабарлар тарқалди.

"Шифохона қандай сирни яширмоқда?” номли материалда журналист Дилшод Набиевнинг жорий йил 27 август куни тунги соат 23.00 дан кейин вилоят 1-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансерини видео лавҳага олиш мақсадида борганида диспансер навбатчи ходимлари томонидан қаршиликка  учрагани, унга нисбатан куч ишлатилгани ва иш қуроллари олиб қўйилганлиги ҳақида сўз юритилган. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ўрганиш жараёнида диспансер ишчи-ходимлари Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонуннинг 7-11 моддалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Психиатрия шифохоналарининг Низоми”нинг 54-бандига асосан ҳаракат қилганликлари аниқланган.

Жумладан, мазкур қонуннинг 7-моддасига кўра, руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг қатор ҳуқуқлари билан бирга, тиббий восита ва усулларни синаш, илмий тадқиқотлар ёки ўқув жараёни объекти тариқасида фойдаланилишга, фото, видео ёки кино суратга олинишга олдиндан розилик бериш ва исталган босқичда ундан воз кечиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилган.

Диспансерда тунги навбатчиликда турган ходимлар қонунчиликдаги ушбу меъёрларни эслатишига қарамасдан, журналист навбатчи ходимларга бўйсунмаганлиги, турли сўзлар билан шифокорларни ҳақорат қилганлиги юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар бўлимига билдиришнома тақдим этган.

Вазирлик хабарида, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани, вазият ойдинлашгач, батафсил маълумот берилиши ҳақида айтилган.