Қашқадарёда ЙПХ инспектори марҳумга жарима ёзди. Ҳолат вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда ЙПХ инспектори вафот этган фуқарога маъмурий баённома расмийлаштириб, жарима белгилагани ҳақида хабар тарқалди.
Қашқадарё ИИБ мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг ёзишича, марҳумга жорий йилнинг 20 ноябрь куни маъмурий баённома тузилган.
Жамоатчилик норозилигига сабаб бўлаётган камчилик 3-ЙПХ отряди 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор Равшанов Жаҳонгир Маҳмарайим ўғли томонидан йўл қўйилган бўлиб, воқеа Косон тумани ҳудудида содир бўлган.
2019 йил 20 ноябрь куни соат 10:50 да Косон тумани Насаф кўчаси Халқ банки рўпарасида хизмат ўтаб турган ЙПХ инспектори Қарши шаҳри томонга ҳаракатланиб кетаётган “Damas” русумли 70 D 107 NА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчисини тўхтатиб, 2019 йил 5 октябр куни соат 16:27 да Косон тумани Шабада маҳалласи Насаф кўчаси рўпарасида 85 километр тезликда ҳаракатланиб келганлиги «Искра видео-2» русумли тезликни ўлчаш мосламаси ёрдамида аниқланганини айтган ва ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраган.
Ҳайдовчи ЙПХ инспекторини чалғитиб, бошқа ҳужжат тақдим этган. Ходим ҳайдовчи тақдим қилган ҳужжатга асосан эътиборсизлик қилиб марҳумга маъмурий баённома расмийлаштирган.
Вилоят ИИБнинг маълумот беришича, ушбу ҳолат бўйича вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.