Қирда ўтди онлайн дарслар: Ёш авлод қачонгача интернет тўлқинини излаб сарсон бўлади?
Юртимизда эълон қилинган карантин сабаб барча таълим муассасаларида дарслар онлайн олиб борилди. Мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари учун телевидениеда дарслар ўтилган бўлса, олий таълим муассасалари интернет тармоғида платформалар орқали дарслар ташкил этилди. Дарсларни баҳолаш, назорат ишлари онлайн, телеграм каналлари орқали олиб борилди.
Фарзандларимиз карантин бўлса-да, таълим олишдан узилмади. Аммо айрим ҳудудлардаги жараён иштирокчилари - ўқувчилар, ўқитувчилар ва талабалар учун онлайн ўқитиш тизими катта қийинчилик, оворагарчилик, сарсонгарчиликка олиб келди.
Самарқанд вилояти Паxтачи тумани Фай маҳалласида яшовчи ҳамқишлоқларимнинг онлайн дарслар жараёнида дуч келган муаммоларини кўриб, бу ҳақда ёзишга қарор қилдим.
- Қаерга? - сўрайди ота фарзандидан.
- Дарсим бошланади қирга кетяпман, - жавоб беради шўрлик талаба. Ўқувчилардан бири мактаб ҳудудига ошиқади, уйга вазифаларни тезроқ устозига юбориб, баҳо олиш учун. Яна кимдир Нарпай канали устига югуради. Чунки маҳалламиздаги шу жойларда интернет тезлиги бироз яхши. Бу ҳолатни кўриб, ҳайратланмай илож йўқ. Чунки қишлоқ жойда интернет тармоғига уланиб, дарс қилишнинг ўзи бир мураккаб жараён.
Шу ўринда, мутасаддиларга савол бермоқчиман. Қишлоғимизда қачон интернет муаммоси ҳал этилади? Маҳалланинг ўқувчи, ўқитувчи ёки талабалари ўзининг шинамгина уйида ёки ҳовлисида интернетдан фойдаланган ҳолда дарсларда иштирок этишга ҳақли эмасми? Қачонгача қир-адирда, мактаб ҳудудида ёхуд кўприкда интернет излаб сарсон бўлишади?
Жамолбек САЛОМОВ.