Уйда таълим олаётган болаларга тенгдошлари билан тенг имконият яратилади

Табиат қонунига кўра, ҳамма бола ҳам бир хил жисмоний ва психик имкониятга бўлавермайди. Аммо улар таълим олиш ва бошқа ҳуқуқларда тенг. Қонунларимизда белгиланган бу тамойил ижроси вилоят прокуратураси томонидан доимий назоратга олинган. Хусусан, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтожлиги сабабли уйда якка тартибда таълим олаётган болаларнинг соғлиғи, таълим олиши ва улар тарбияланаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганиб борилади.

Ўтган йили бу жараён икки босқичда олиб борилди. Биринчи босқичда 1 668 нафар уйда якка тартибда таълим олаётган болаларнинг хонадонлари ишчи гуруҳлар томонидан бирма бир ўрганилди. Бунда болаларнинг таълим олиши, яшаш шароитлари, муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шу асосда 330 нафарининг тиббий хизматлар, 233 нафарида таълим олиши, 93 нафарида ижтимоий тизим бўйича муаммолари мавжудлиги аниқланди. Уларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбир режасига асосан ҳомийлар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан болаларнинг 105 нафарига дори-дармон, 87 нафарига ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқтаёқ, ҳасса, ходунок ва ортопед оёқ мосламаси берилди.

Уйда якка тартибда таълим олаётган 111 нафар болаларга бадиий адабиёт ва дарсликлар, 54 нафарига ўқув қуроллари, 44 нафарига ўқув доскаси, парта ва стул, 23 нафарининг ўқитувчисига компьютер (ноутбук) етказилди.

Шунингдек, 2 нафар болага логопед-ўқитувчи бириктирилиб, 31 та оилага ижтимоий нафақа тайинланди. 27 та оилага моддий ёрдам кўрсатилиши, 12 нафар ота-она ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг 121 нафари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, реабилитация маркази ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда “Bionur” хусусий клиникасида бепул муолажа олди. Заруратдан келиб чиқиб, 17 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.

Шу билан бирга, вилоят прокурорига бириктирилган Қўшработ, Иштихон ва Пайариқ туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида масофавий таълим олаётган 300 нафар камбағал оила фарзандларига, хусусан ногиронлиги бўлган 20 нафар уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларга интернетдан бепул фойдаланиш имконияти яратиб берилди.

Улуғбек Муҳаммадиев,

Самарқанд вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси.