Мутахассис таклиф беради: Талабаларни анъанавий таълимга қайтариш керакми ёки йўқ?

Олий ўқув юртлари талабаларини 2 ноябрдан бошлаб анъанавий, яъни аудиторияларда бўладиган ўқишга қайтариш масаласи муҳокама этилмоқда. Таклиф этилаётган режага кўра, биринчи курс талабалари ҳамма фанларни, қолган курсларнинг талабалари эса лаборатория ва амалий машғулотларни аудитория ва лабораторияларда, маърузаларни эса онлайн режимда тинглайди. Албатта, талаба ҳам, профессор-ўқитувчи ҳам аудиторияни соғинган, бу табиий. Лекин иккинчи томондан бу йўлда бизни нималар кутяпти? Буни имкон қадар аниқ тасаввур қилиш керак.

Биринчидан, республикамиз олий таълим муассасаларида ўқийдиган талабаларнинг сони 2016 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўпайди. Ўқув хоналари ҳозирча етса керак. Шаҳарлардаги кўпчилик лицей ва коллежларнинг бинолари ОТМларга берилди. Ётоқ жойлари-чи? Бундай вақтда одамлар ўзининг бўш уйларини талабаларга ижарага берадими? Баъзи талабалар олдин ўзларининг қариндошлариникида яшарди. Пандемия вақтида бу анъана давом этадими? Ҳозирча бу саволларга ижобий жавоб йўқ. Агар ақлий меҳнат қилувчи талаба яхши дам олмаса, дарс тайёрлаш учун қулай шароит бўлмаса, аудиторияда олган билимнинг фойдаси кам бўлади.

Иккинчидан, энг саводли, малакали профессор-ўқитувчиларнинг ёши катта, баъзилари пенсия ёшида. Шунинг учун уларнинг баъзилари таваккал қилиб, ўз ҳаётини таҳликага қўймайди, ариза ёзиб ишдан бўшайди. Баъзиларининг фарзандлари шундай йўл тутишни маслаҳат беради. Чунки Самарқанд давлат университетининг физика ва кимё факультетлари ўзининг 5 та энг яхши профессор-ўқитувчиларини йўқотди. Яқин йилларда уларнинг ўрнини тўлдириш жуда қийин. Ариза билан кетадиганларга буларни қўшиб ҳисобласак, бу йўқотишлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Европа мамлакатларида куз бошланиб, одамлар ёпиқ хоналарга тўплана бошлаши билан Covid-19 га чалиниш кескин ошди. Бу ҳол Европанинг деярли ҳамма мамлакатларида, Россия ва АҚШда ҳам кузатиляпти. Матбуот хабарларига қараганда, Франция ва Швейцарияда талабалар 2 ноябрдан бошлаб онлайн таълимга ўтказилаяпти. Хўш, бизда-чи?. Нима қилиш керак деган савол туғилади.

Менимча, биринчи навбатда, тиббиёт институтларининг талабаларини аудитория дарсларига қайтариш керак. Ўзларининг ётоқхоналари етмаса, уларга бошқа ОТМларнинг ётоқхоналаридан жой бериш лозим. Улар бошқалардан фарқли, шахсий гигиена ва пандемия вақтидаги тартиб-қоидаларга риоя этишади. Яна, шунга ўхшаган кўпроқ амалиёт билан боғлиқ ОТМларнинг амалиёти кўп бўлган курсларини анъанавий ўқишга қайтариш мумкин. Гуманитар йўналишлардаги ОТМларнинг, факультетларнинг талабаларини аудиторияга қайтаришнинг ҳожати йўқ.

Физика, кимё, биология ва яна баъзи йўналишларнинг ўқув режаларида лаборатория дарслари кўп. Лекин ОТМларда режадаги лаборатория дарсларини тўлақонли ўтиш учун асбоб-ускуналар, зарур жиҳозлар, кимёвий реактивлар ва ҳоказолар борми? Менимча, бу соҳада аҳвол анча хароб. Охирги йилларда у-бу нарсалар келтирилди. Лекин улар ўқув режаларидаги барча лаборатория ишларини бажариш учун етмайди. Шунинг учун лаборатория дарсларида талабалар лаборатория ишининг баёнини ўқишдан, дафтарига кўчиришдан (комиссияга кўрсатиш учун) нарига ўтмайди. Бу масалада ҳам аниқ ҳисоб-китобни олиш керак.

Ҳозир онлайн ўқишда реал аҳвол қандай, яъни қаерларда алоқа ёмон бўлгани учун талабалар дарсга қатнашмаяпти ёки алоқа бўлиб туриб баҳомни ёздагидай қўйиб беради, деган кайфиятда юришибдими? Ёки, талабанинг ота-онаси кун бўйи иш билан банд қиляптими? Буни ҳеч ким билмайди. Аммо ўқийман деган талабага мустақил ўқиш учун имконият пайдо бўлди. Вақтни йўқотмай шундан фойдаланиш керак.

Ота-оналар ҳам асосан контракт пули тўлаб ўқитаяпти. Унинг уйда таълим олиши учун шароит яратиб бериши керак. Бунга нималар киради? Битта компьютер ва эрталаб соат 8:00 дан 13:00 гача фарзандини компьютер олдидан қимирламайдиган шароитни яратиши шарт. ОТМларга ҳужжат топширганларнинг камида ўнтадан биттаси талаба бўляпти. Шундай катта синовдан ўтган талаба ўқишнинг қадрига етадиган бўлиши лозим.

Ҳозир имкони бўла туриб, Zoom дастури орқали бўлаётган дарсларга, масофавий таълим сайтларига кирмаётган, яъни ўқишни хоҳламайдиган талабалар, аудитория дарслари бошланса, яхши ўқийдими? Бу хаёл суришдан бошқа нарса эмас, бундай бўлмайди. Ўқийман дегани қамаб қўйсангиз ҳам иложини топиб ўқийди, ўқишни хоҳламаганини уриб-сўкиб ҳам ўқитолмайсиз!

Ҳурматли ота-оналар, талабалар! Аудитория дарслари бошланса, талабаларни нималар кутаётганини юқорида айтдим. Лекин муҳими бу эмас. Асосийси фарзандингизда вирусни юқтириш эҳтимоли ортади. Бу касаллик ёшу қарини аямаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шаҳарга юборгандан кейин “Боламга нима бўлди?”, деб тинч ухлай олмайсиз. Ундан кўра, фарзандингизга уйда шароит қилиб, назоратга муҳтож бўлса, ўқишини назорат қилиб туришингиз яхши эмасми? Онлайн дарсларга қатнашмаётганлиги, интернетга қўйилган масофавий таълим материалларидан фойдаланмаётганлиги, мустақил топшириқларни бажармаётганлиги учун давлат ОТМларни очишга мажбур бўлиняпти. Агар сиз “Берсанг ейман, бермасанг ўламан” қабилида иш тутмасдан, бор имкониятдан фойдаланганингизда эди, ОТМлар профессор-ўқитувчиларини талафотсиз сақларди. Сизлар ҳам фарзандингизни пандемиядан соғ-саломат олиб чиқардингиз.

Шунинг учун пандемия шароитида қуйидагича йўл тутишни маслаҳат бераман:

  1. Ўқишни онлайн шаклда давом эттириш.
  2. Алоқа ёмон бўлган жойларда яшаб, дарсларга қатнашмаётган, масофавий таълим платформасига кирмаётган талабаларни ҳар 2 ҳафтада бир марта кафедрага келишини ташкил қилиш керак. Ҳар келганида кафедрадан топшириқлар, кутубхонадан тегишли китоблар олади, олдин олган топшириқларнинг ҳисоботини топширади.

Агар буни қилишдан бош тортса, унга ён беришнинг ҳожати йўқ. Талабани академик таътилга чиқариш керак. Пандемия тугаб, аудитория дарслари бошланса, қолган жойидан ўқишни давом эттиради. Чунки талабанинг билим, кўникма ва малакасига қўйилган асосий талаб пандемияга қараб ўзгармаслиги керак. Минимал талабга жавоб бермаган талабани курсдан курсга ўтказмаслик ва диплом бермаслик лозим. Сизга билим керакми? “Туя янтоққа бўйнини чўзгани”дай, сиз ҳам унга ҳаракат қилинг!

Абдулла ҚУВВАТОВ.