Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга қандай талаб қўйилган?

Қирғизистон ҳукуматининг қарорига кўра, хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сўнгги 72 соат ичида ўтказилган коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатувчи ПЗР тести натижалари тақдим этилгандан сўнг Қирғизистонга учадиган самолёт бортига чиқишга рухсат этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Қирғизистон чегарасини автомашиналарни ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтишда сўнгги 120 соат ичида ўтказилган COVID-19 учун ПЗР тестининг манфий натижаларини тақдим этиши шарт.

Тегишли тест натижасининг талаб қилинган муддати объектив сабабларга кўра, тугаган тақдирда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар борган жойида ПЗР тестидан ўтиши керак бўлади. ПЗР тест натижалари бўлмаган тақдирда ёки коронавируснинг клиник аломатлари мавжуд бўлганда Қирғизистон ҳудудига кириш тақиқланади.

Вазирлик Қирғизистонга боришни режалаштираётган фуқароларга буни инобатга олишни тавсия қилган.