Қиролича таоми
«Маргарита» пиццаси Италия пазандалигининг энг машҳур таоми ҳисобланади.
Помидор, пишлоқ хар хил кўкатлар унинг мазалиги ва ширинлигини таъминлайди. Пицца ўз номини қирол Умберто I нинг рафиқаси, қиролича Маргарита Совайская шарафига олган.
1889 йил қиролича Неаполга ташриф буюради. У саройдаги мазали таомлари соғиниб қолади. Неаполда қиролича маҳаллий аҳоли ёғли хамир таом - пицца пишириб, иштаҳа билан тановул қилаётганини кўради. Уни қиролича ҳам қизиқиб, татиб кўради.
“О, қандай мазали! - қиролича ҳайратга тушади. Неаполдаги таниқли моҳир ошпаз Рафаэл Эспозитони чақириб, унга ҳар куни пицца пишириб беришини сўрайди.
Саройга қайтгач, Рафаэлга мақтов сўзлар битилган нома йўллайди. Мактубни ўқиб, тўлқинланиб кетган Рафел Эспозито қиролича шарафига пиццани “Маргарита”, деб номлайди.
***
Ёвуз Шоколад
Биз меъёридан ортиқча шоколад тановул қилиш организм учун зарарли эканлиги ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Гап бу севимли ширинликни тайёрлашда ишлатиладиган хомашё етиштириш атроф-муҳитга қанчалик зарар етказаётгани ҳақида бормоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, бу жиддий экологик муаммодир.
Гана ва Кот-д’Ивуар дунёда какао-дон етиштирувчи йирик мамлакатлар ҳисобланади. Ушбу давлатларда какао плантацияларига эгалик қилувчи фермерлар қанчалик ажабланарли бўлмасин қимматбаҳо хомашё етказиб беришларига қарамай, ўта қашшоқ яшашади. Муаммо шундаки, фермерлар тупроқ ҳосилдорлигини ошириш учун қурблари етмайди. Ерни ўғитлаш, ҳайдаш ва бошқа агротехник тадбирлар харажатлари катталиги оқибатида ер қашшоқлашиб, ҳосилдорлик пасайиб кетмоқда. Фермерлар эса ўрмонларни кесиб, янги ер очишга мажбур бўляпти. Бу эса табиий мувозанатни бузиб, жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Мисол учун, 2000 йил бошидан буён какао фермерлари томонидан бир ярим миллион гектар ўрмон кесилиб, йўқ қилинди. Бу иқлимни глобал ўзгаришига олиб келган. Какао санаоти эса шоколадга ошиб бораётган талаб туфайли сифатли ва кўпроқ какао дони етказиб берилишини сўрамоқда.
Т.Шомуродов тайёрлади.