Қирқ кунда 27 миллион сўм даромад қилишни истайсизми?
Самарқанд туманида “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигида давлатимиз раҳбари раислигида 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳолини бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Вилоятимиздаги туманлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, банклар, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этган тадбирда фермер хўжалиги томонидан кооперация тизими асосида аҳоли хонадонларида ёки фермер (деҳқон) хўжалигида енгил конструкцияли биноларда парранда боқишни ташкил этиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Фермер хўжалиги ҳудудида 2 ва 3 сотих (200-300 кв.м)майдонда қурилган ва зурар ускуналар билан жиҳозланган енгил конструкцияли кичик товуқхоналар мисолида бу лойиҳани амалга ошириш усуллари ва самараси тушунтирилди.
– Биз ўтган йил вилоятимизнинг Қўшработ, Пайариқ ва Каттақўрғон туманларида аҳолини камбағалликдан чиқариш ва доимий даромад манбаига эга бўлиши учун парранда боқишга шароити бор хонадонларга бир кунлик жўжа ва уларнинг озуқасини берган ҳолда, 40-42 кунда товуқлар тайёр бўлгач, ўзимиз сотиб олиш тизимини йўлга қўйгандик, – дейди “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳайдар Ўроқов. – Бу тизим ўзини оқлагани, товуқ боқувчилар ва биз учун ҳам манфаатли бўлгани учун уни янада кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, бу борада деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиш учун 3 минг, 4,5 минг ва 7,2 минг бош жўжа боқиш мумкин бўлган енгил конструкцияли, зарур ускуналар билан жиҳозланган товуқхоналар лойиҳаларини тайёрладик. Масалан, 211 миллион сўм эвазига 2 сотих майдонда қуриладиган шундай товуқхонада 3 минг бош жўжа боқиш мумкин. Биз бу товуқхона учун иситиш ёки совутиш тизими, сув ва озуқа бериш, ҳаво айланиш тизимларини ҳам яратиб берамиз. Бундан ташқари, парранда боқувчиларни бир кунлик жўжа ва унинг озуқаси билан, зарурат бўлганда дори-дармон билан таъминлаймиз, ветеринария хизмат кўрсатамиз. 40-42 кунда товуқлар вазни камида 3 килограмга етади ва уларни ҳар бир килограмм тирик вазни учун 17 минг сўмдан тўлаб, сотиб оламиз. Ана 40-42 кун ичида ана шу 3 мингта товуқдан битта оила 27 миллион сўмгача даромад олиши мумкин. Агар бир йилда шу тарзда 8 марта товуқ боқишни ҳисобга олсак, парранда боқувчи бир йилда ўртача 214 миллион сўм фойда олади. Енгил конструкцияли товуқхонани банк кредити орқали ҳам олиш мумкин. Агар аҳоли хонадонида товуқ боқиш учун бино бўлса, биз ўша жойни ҳам зарур ускуналар билан жиҳозлаб, улар билан коопрация асосида ҳамкорлик қилишимиз, яъни жўжа ва озуқани етказиб бериб, тайёр маҳсулотни ўзимиз сотиб оламиз.
Семинарда фермер хўжалиги билан ҳамкорлик қилаётган хонадон ва деқҳон хўжаликлари эгалари ўз тажрибалари ҳақида гапириб берди.
Шундан сўнг вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, марказий банк вилоят бошқармаси раҳбарлари жорий йилда вилоятда аҳолини камбағалликдан чиқариш ва бандлигини таъминлаш, маҳаллаларни ихтисослаштиришга доир дастурлар, бу борада амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича тақдимотлар қилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Бўронов бу йил вилоятдаги маҳаллаларни ихтисослаштириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва бандлик дастури ижросини таъминлашга алоҳида ёндашув бўлишини таъкидлади.
– Камбағал оилага битта мотокультиватор ёки электр печ бериш, қоғозда ишга жойлаштириш билан уларни рўйхатдан чиқариш амалиётига чек қўйилади, – деди Ш.Бўронов. – Аввало, камбағал оиланинг реал даромади ҳисобга олинади, турмуш тарзи ўзгардими-йўқми – шунга эътибор қаратамиз. Камбағал оилага турли хил кредитлар расмийлаштириб, уни баттар оғир ҳолатга солиб қўймаслик керак. Ҳар қандай ёрдам, субсидия оилани қисқа фурсатда камбағалликдан чиқариш, доимий даромад манбаига эга бўлишига қаратилади. Бунинг учун зарур инструментлар яратилган, ушбу йўналишга ажратилган маблағлар миқдори ҳам бу йил анча ошган. Ҳудудлар раҳбарлари “маҳалла еттилиги” билан биргаликда бу имкониятлардан самарали фойдаланишлари лозим.
Семинар қатнашчилари Самарқанд туманидаги Оҳалик маҳалласи мисолида маҳалланинг ихтисослашуви жараёни билан яқиндан танишдилар.
Мазкур маҳалладаги 804 та хонадонда 4000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1447 нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Маҳалладаги 197 хонадонда беданачилик йўлга қўйилган. Уларнинг бир ойлик даромади ўртача 16 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу маҳаллада ҳам лидер тадбиркор томонидан аҳолининг мазкур фаолият билан шуғулланиши учун бедана жўжаси ва унинг озуқаси етказиб берилиши бирга бирга зарур шарт-шароит ҳам яратилади. Бедана тухуми ва гўшти ҳам тадбиркор томонидан харид қилинади.
Тадбир иштирокчилари туманнинг бошқа маҳаллаларини ҳам ихтисослаштириш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишларни ўргандилар.