Қиш эшик қоқяпти. Оқдарёда эса кўп қаватли уйларнинг таъмири ҳамон пайсалга солинмоқда
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 5 сентябрида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида таълим, тиббиёт муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, шаҳарлар ва шаҳарчалардаги аҳоли массивларида уйларни таъмирлаш, том ва ирригация тармоқларини янгилаш бўйича соҳа масъулларига бир қатор вазифалар юклатилганди. Хўш, берилган топшириқлар ижроси юзасидан қандай ишлар олиб борилмоқда? Жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари нечоғли бажарилмоқда? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Оқдарё туманида бўлдик.
ЯНГИ ТОМДАН СУВ ЎТАДИ
Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Илҳом Саъдуллаевнинг айтишича, туманда 20 та икки қаватли ва 4 та тўрт қаватли уй-жой бор. 2016 йилда тумандаги кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш учун 4 та уй-жой мулкдорлари ширкати тузилган ва 2017 йилда ширкатлар таъмирга муҳтож уйларни ажратилган кредит ҳисобидан таъмирлаган.
Лойиш шаҳарчаси Имом ал-Бухорий кўчасидаги 20 хонадондан иборат 7-уй 2017 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Кўп қаватли уйларнинг таъмирланишини ўрганаётганимизни кўрган хонадон соҳиблари уйдаги камчиликларни айтиб кетишди.
- Билишимизча, уйимизни таъмирлаш учун 128 миллион сўм кредит ажратилган экан, - дейди шу уйнинг 18-хонадонида яшовчи Муҳаббат Бердиева. - Аммо 86 миллион сўм маблағ ҳисобидан фақат том янгидан қилинди, лекин томга ишлатилган ёғоч материаллари ниҳоятда сифатсизлигидан яқинда ёққан ёмғирда учта хонадонга томдан сув ўтди.
Ўрнатилган новлар ҳам чала қолиб кетган. Ҳожатхона учун 42 миллион сўм маблағ сарфланибди. Шунча пулга битта ҳожатхона қуриладими? Уйимиз томидаги ишлар чала қолиб кетгач, туман прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилдик. Улар қилинган ишларни ўрганиб, бажарилмаган иш учун олинган маблағнинг бир қисмини қайтаришди. Бу йил эса бошқа маблағ ҳисобидан уйимизни ранглашди, йўлакларни бетонлашди, 2 та ўриндиқ ўрнатишди. Лекин қурувчилар рўпарамиздаги 5-уйни яхши таъмирлаб, бизникини сифатсиз ҳолда қолдириб кетишди. Ширкат кредитни қоплаш учун хонадонлардан мажбурий бадал талаб қилади. Биз ширкат билан шартнома тузмаган бўлсак, қолаверса, уйимиз таъмири чала қолган бўлса, нима учун ширкатга пул тўлашимиз керак?
ШИРКАТ БОР, ИШЧИ ЙЎҚ
Юқорида айтганимиздек, 2016 йилда Лойиш шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш учун "Оқдарё янгиланиш" ва "Оқдарё темир прогресс" уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилган ва йил бошидан буён ҳар иккала ширкатга Эркин Мавлонов бошчилик қилмоқда экан.
- Биз 240 дан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатамиз, - дейди Э.Мавлонов. - Лекин ширкатимизда битта ҳам ишчи йўқ, раҳбар ҳам, сантехник ҳам бир ўзим. Зарур пайтларда хизмат ҳақи эвазига четдан ишчи чақирамиз. 2017 йилда ширкатларга кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш учун давлат томонидан кредит ажратилган, шу маблағ ҳисобидан уйларнинг том қисми янгиланган. Лекин хонадон соҳиблари уйнинг квадрат метр майдони учун белгиланган 700 сўмлик мажбурий бадал пулини шартнома йўқлиги туфайли тўламай келмоқда. Аввало, давлатдан олинган кредитни қайтариш муҳим, қолаверса, одамлар пул тўламаса, томнинг чала қолган қисмини қайси маблағ ҳисобидан таъмирлаймиз.
УЙЛАР ОЛДИНИ ЯНАДА ОБОД ҚИЛИШНИ РЕЖАЛАШТИРГАНМИЗ, АММО...
Уйлар орасига болалар майдончаси қурилган, аммо каттагина ер қаровсиз қолиб кетган.
- Бу ерда 2020 йилда яна битта болалар майдончаси, дам олиш айвони қуриш режалаштирилган, - дейди Илҳом Саъдуллаев. - Аммо хонадон соҳиблари белгиланган мажбурий бадал пулини тўламаётган бўлса, банкдан олинган кредитни сўндирмасдан туриб яна маблағ олиш муаммо бўлмоқда.
Лолазор кўчаси 8-уйда эса вазият тамомила бошқача. Уй бошқарувчиси Инобат Назарованинг айтишича, 20 та оила истиқомат қиладиган бу уй 1990 йилда қурилган ва таъмирдан аввал ичкарида канализация, ичимлик суви ҳам бўлмаган, ҳожатхона эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган.
- Дастлаб "Оқдарё Зарафшон қурувчи" масъулияти чекланган жамияти томонидан тасдиқланган смета асосида уйнинг томини янгилаш, сиртини ранглаш ва кириш йўлакларига темир эшик ўрнатиш учун 111 миллион сўм сарфладик, - дейди И.Назарова. - Бу ишлар бажарилгач, иккинчи босқичда 86 миллион сўм маблағ ҳисобидан ҳовлини бетонлаш, канализация ўрнатиш белгиланди. Қурилиш корхонаси бу ишларнинг барчасини ўз ҳисобидан сифатли қилиб бажарди. Аммо бир йилдан ошдики, қурувчилар банкдан бажарилган ишлар учун 197 миллион сўм хизмат ҳақини ололмаганлиги учун чала қолган таъмир ишларини тугатишолмаяпти. Қурувчилар маблағини олса, электр тармоғини янгилаш, ўриндиқлар ўрнатиш, автомобиллар учун тураржой қуриш ва бошқа камчиликларни бартараф этишга ваъда беришган.
ТОМ ЭСКИРГАН, СУВ ЧИҚИБ КЕТИШ ЙЎЛИ ҚИЛИНМАГАН
Зарафшон кўчасидаги 9-"А" уйдамиз. Бу уйнинг ташқи қисми рангланган, йўлаклари бетонланган, аммо том қисми бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган, бунинг устига ариқ қилингану, ёмғир сувлари чиқиб кетиш йўли йўқ.
- Шаҳарчада том қисми янгиланмаган учта уй қолди, - дейди ширкат раиси Эркин Мавлонов. - Шу уйлар учун смета ҳужжатлари тайёрланди, маблағ ажратилиши билан қурувчилар ишни бошлашади ва ёмғирли кунларгача томни янгилаймиз. Бу уйда сув муаммосини бартараф этиш учун алоҳида янги сув насоси ўрнатдик, туман "Сувоқова" ташкилоти синовдан ўтказгач, доимий сув беришни бошлайди.
Яқинда ёққан ёмғир коммунал соҳада камчиликларимиз кўплигини кўрсатиб қўйди. Қиш эшик қоқмоқда, жойларда эса кўп қаватли уйлар таъмири ҳамон пайсалга солинмоқда. Ваҳоланки, шу пайтгача кўп қаватли уйларнинг томини алмаштириш, ирригация тизимларини мавсумга шай ҳолга келтириш, кириш йўлаклари ва бошқа катта ҳажмдаги ишлар аллақачон якунланган бўлиши лозим эди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).