Қишлоққа йўл олган "кўрик": Тажрибали шифокор, энг қиммат ускуналар, бепул дори-дармон

Қаеринг оғриса, жонинг ўша ерда, деб бежиз айтишмайди. Шунинг учун бўлса керак, инсон саломатлигини тиклаш учун ҳар қандай масофани босиб ўтишга тайёр. Аммо кейинги пайтда туманларда ўтказилаётган кенг миқёсдаги кўриклар ана шу масофаларнинг қисқаришига олиб келди.

Вилоятдаги етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирокидаги навбатдаги шундай кўрик Каттақўрғон туманида бўлиб ўтди.

Кўрик давомида аҳоли сайёр маммограф аппарати текширувидан ўтишлари, юрак-қон томир ва бошқа ўнлаб хасталиклари бўйича диагностика ускуналаридан фойдаланган ҳолда саломатликларидан бохабар бўлишларига имконият яратилди. 

Каттақўрғоннинг баъзи ҳудудларидан нафақат вилоят, балки туман марказига келиш учун ҳам ўнлаб километр масофани босиб ўтиш лозим.

- Бугун қишлоқ хўжалиги ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун ўтказилаётган тиббий кўрикда мингдан зиёд аҳоли иштирок этди, - дейди Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Манзура Асророва. – Уларга вилоят ихтисослаштирилган марказларининг 100 га яқин тажрибали шифокор ва мутахассислар хизмат кўрсатди. 700 га яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, 306 ишида турли касалликлар аниқланди, 145 нафарига амбулатор даволаниш, 92 нафарига туманда, 66 нафарига вилоят шифохоналарида даволаниш учун йўлланма берилди. 

Бу каби тиббий кўриклар 1 февралдан бошлаб вилоятдаги барча туманларда навбати билан амалга оширилмоқда.

Умуман, кейинги йилларда тиббиётни аҳолига тобора яқинлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йил 19 та маҳаллада 20 та контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Бу маҳаллалардаги аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти туғилди.

- Жорий йилдан бошлаб ўтказаётган мақсадли скринингларимизда аҳоли фаол иштирок этмоқда, - дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят бўлими раҳбари Фирдавс Ўлмасов. – Йил бошидан бошлаб 500 га яқин аҳолини тиббий кўрикдан ўтказган бўлсак, улар орасида уч кишида онкологик хасталик, 23 кишида рак олди касалликлари аниқланиб, даволанишлари бтавсия қилинди.

Шунингдек, кўрик давомида хасталик аниқланган беморларга  “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан 13 турдаги дори воситалари тарқатилди.

Айтиш керакки, қишлоқ хўжалиги ходимлари учун ўтказилаётган мазкур акция аввалида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 11313 нафар қишлоқ хўжалик ходимлари ҳамда уларнинг 27877 нафар оила аъзолари рўйхати шакллантирилди.

Бугунги кунга қадар ушбу контингентнинг 18596 нафари (47 фоизи) профилактик кўрикдан ўтказилди, 3101 фуқарода турли касалликлар аниқланди. Ушбу беморларда касалликнинг асоратлари кузатилмасдан эрта босқичларда соғломлаштириш имконияти яратилди.

Касаллик аниқланган фуқароларнинг 2841 нафари (91 фоизи) соғломлаштирилган бўлса, қолган 416 нафари амбулатор, 79 нафари вилоят ва 12 нафари республика миқёсидаги муассасаларда даволаниш учун тавсиялар берилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.