Японияда ҳамма тўкис яшайдими?

Кунчиқар мамлакат ҳаёти жамияти ҳақида 1000 дан ошиқ мақолалар ёзган бўлсам, шу мақолаларнинг изоҳлар қисмида энг кўп дуч келганим: "Япония ривожланган давлат бўлса, қандай қилиб ойликдан-ойликка яшайди. Бўлиши мумкин эмас!" деган изоҳлар бўлган!
Ҳа, азизлар, Японияда ОЙЛИКДАН-ОЙЛИККАЧА амал-тақал қилиб яшайдиган аҳоли жуда кўп. Шунчаки, бизда "Японлар бой яшайди. Ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи, салкам Сусамбил" деган тушунча пайдо бўлиб қолган. Аслида ундай эмас! Келинг, бугун Япония ҳақидаги тасаввурларга бир-икки "шапалоқ" туширамиз!
Японияда 15-20 миллион аҳоли ҳақиқий - ейишга нони йўқ, камбағал бўлиб яшайди. 40 миллиондан ортиқ аҳоли - ойликдан ойликкача, етар-етмас бўлиб яшайди. Олаётган маоши харажатларига етадиган аҳоли - турмуш қурмаган, ёлғиз яшайдиган қатлам. Япон жамиятининг бой қатлами, худди бошқа жойлардаги каби жуда кам, 10 фоиз атрофидаги аҳоли.
"Нега олаётган ойликлари етмайди?", десангиз, Япония солиқлар мамлакати. Олаётган маошининг 30-40 фоизи солиқ, суғурта кабиларга ушлаб қолинади. Шунинг учун қайси японни кўрманг, харажатларни минималлаштиришга ҳаракат қилади.
Қаерга борманг, камбағаллар учун ошхоналар, камбағаллар учун кийим-кечаклар, камбағаллар учун дўконларни учратишингиз мумкин. Қайси японни кўрманг, ҳукуматдан норози. Солиқларни тушир, халққа ёрдам бер, енгилликлар бер, деб нолиб юришади.
Энг ҳайратланарли фактлардан бири - японларда эски-туски кийимлар, уй жиҳозлари, иккинчи қўл маҳсулотларни сотиб олиш маданият даражасига чиққан. Биргина мана шу ҳолат ҳам - япон жамиятининг ОЙЛИКДАН ОЙЛИККАЧА амал-тақал қилиб яшаётганини кўрсатади.
Ана энди расмга қаранг. Сиз расмда кўриб турган қутиларнинг ичида болалар кийимлари солинган. Қутиларга "Фалон размердаги кийимлар бор. Муҳтож инсонлар, хижолат бўлмасдан олиб кетаверинг", деб ёзиб қўйишган. Шундай "японча эҳсон"ларга тез-тез кўзингиз тушади. Ўзига тўқ инсонлар уйларининг олдига озиқ-овқат, идиш-товоқ, кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмларини олиб чиқиб қўйиб қўйишади. Муҳтожлар олиб кетишади. Халқ бир-бирини шундай йўсинда қўллаб-қувватлайди.
Шунақа гаплар, аслзодалар. Хулосология фанлари доктори - Ниппонийдан хулосани кутмай, ўзингиз хулоса чиқаринг. Айтганча, эҳсон масаласида бизнинг халқ ҳам анойилардан эмаску-я, баъзида айниб қоламиз-да. "Керак бўлиб қолади", деб йиғавермасдан, ишлатмайдиган нарсаларингизни муҳтожларга бериб юбораверинг. Фақат, Мардон кўмирқалбга ўхшаб, эшакка ҳам тўқим қилиб бўлмайдиган, кераксиз, 120 йиллик матоҳларни эмас, ростдан ҳам фойдаланса бўладиган нарсаларни эҳсон қиласиз, деган умиддамиз! Унутманг, жамият чархпалак каби бўлади. Ҳамма биргаликда ривожланиш мумкин. Бошқа имкони йўқ!
Баҳодир Искандаров.