Қизилўнгач ахалазияси касаллигини даволашнинг замонавий усули илк бор Самарқандда қўлланилди

Ушбу касаллик аҳоли орасида нисбатан кам учраса-да, муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар юз минг нафар аҳоли орасида тахминан битта шундай ҳолат қайд этилади. Демак, агар мамлакатимиз аҳолиси 37 миллион нафар бўлса, бир йил ичида тахминан 370 та янги ахалазия ҳолати ривожланиш эҳтимоли мавжуд.

- Ахалазия касаллигини даволашнинг икки асосий усули бор, - дейди эндоскопист Ғулом Халилов. - Булар: дори-дармон билан (консерватив) даволаш ва жарроҳлик (оператив) усуллари. Аввало, беморларга дори воситалари ёрдамида муолажа ўтказилади. Агар бу усул самара бермаса, унда жарроҳлик усули қўлланилади.

Бу усул билан даволаш аввалига анъанавий усулда, яъни қорин олд девори кесилиб, трансабдоминал йўл орқали амалга оширилар эди. Кейинги йилларда илм-фан ва тиббий технологиялар ривожланиши натижасида бу операция лапароскопик усулда (халқ орасида “лазер усули” деб ҳам юритилади) бажарила бошлади.

Кейинги йилларда эса яна ҳам илғор, бемор учун энг кам травматик бўлган эндоскопик усул — POEM (Peroral Endoscopic Myotomy) йўлга қўйилди. Бу усул ҳозирда бутун дунё бўйлаб ахалазияни даволашда энг самарали ва хавфсиз усуллардан бири сифатида қўлланилмоқда.

Биз ҳам кейинги йилларда ушбу замонавий операцияларни жорий этиш мақсадида фаол иш олиб бордик. Украина, Россия, Қозоғистон, Корея ва Хитой каби давлатлар етакчи мутахассислари билан тажриба алмашуви, маҳорат дарслари ва амалиётларни ташкил этдик.

Бир йил муқаддам ушбу операцияни маҳаллий шароитда, яъни ўзимиз амалга оширишни бошладик. Ҳозирга қадар 50 дан ортиқ бемор ушбу усулда муваффақиятли даволанди ва натижалар жуда яхши бўлмоқда. Беморлар ўз соғлиги ва натижадан жуда мамнун.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида, бирлашма бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов ҳамроҳлигида ушбу янги, замонавий операциялар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Бу амалиётнинг ўзига хослиги шундаки, тери кесилмайди, ҳеч қандай тешиш ёки из қолмайди. Барча жараёнлар табиий йўл - оғиз орқали махсус юмшоқ эндоскоплар ёрдамида амалга оширилади.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта бундай амалиётлар Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида амалга оширилди ва ҳозирда ҳам муваффақиятли давом эттирилмоқда.