«Қоғозбозликни йўқ кўргани кўзим»
Мақолада бугунги кунда таълим муассасаларида ўқувчи ёшларни тарбиялашга тўсиқ бўлиб турган муаммо кўтарилган. Мактабларда ўқитувчилар орасида "Қоғоз гапиради", деган ибора кўп айтилади. Чунки тинимсиз келаётган текширувчилар ўқитувчининг асосий фаолиятини у юритган қоғозларга қараб баҳолайди.
"Фаолиятим қониқарсиз чиқмасин", деб ўқитувчи вақтининг катта қисмини ҳужжат тайёрлашга сарфлайди. Бу ўқитувчидан вақт, асаб ва папка-папка қоғоз учун пул талаб қилади. Папкаларни тўлдиришга банд бўлган ўқитувчи, энг асосий ишига, яъни ўқувчини ўқитиш ва тарбиялашга кам вақт сарфлайди. Бу эса болаларнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти.
Мен бу билан таълим муассасаларида ҳужжатлар юритилмасин, демоқчи эмасман. Қатъий тартибда, самарадорлиги бор ҳужжатлар меъёр асосида юритилсин, демоқчиман. Бундан ташқари, бу соҳадаги илғор хориж тажрибасини олиб кириш даври аллақачон етди, деб ҳисоблайман.
Неъмат АСҚАРОВ,
Паст Дарғом туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси.